Марадонанинг ўлими бўйича янги суд жараёни бошланди

Спорт

image

Кеча, 14 апрель куни Аргентинада футбол афсонаси Диего Марадонанинг ўлими бўйича янги суд иши бошланди. Аввалги жараён жанжал сабабли бекор қилинган эди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қайд этилишича, қарийб уч ой давом этган аввалги суд жараёни судья Жулиета Макинтачнинг ишдан четлатилиши сабабли бекор қилинган. Судья холисликни йўқотганликда ва ўзига яқин шахсларга ҳужжатли фильм учун мажлисларни ёзиб олишга рухсат берганликда айбланган.

“Биз суд бу вазиятга адекват ёндашишига, тергов қилинаётган жиноятнинг оғирлигини ва энг муҳими, Диего аргентиналиклар ҳамда бутун футбол олами учун нимани англатишини тушунишига умид қиламиз”, дейди футболчининг кенжа ўғли Диего Фернандо Марадонанинг адвокати Марио Бодри.

Судланувчилар курсисида ўтган галгидек етти нафар тиббиёт ходими, жумладан, психиатр, нейрохирург ва психолог ўтирибди. Улар Марадонанинг ўлимига сабаб бўлган эҳтиётсизликда айбланмоқда. Уларнинг барчаси “билвосита қасд билан содир этилган эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш” айбловини рад этмоқда. Агар айблари исботланса, уларни 8 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кутмоқда.

Ҳимоячи адвокатлар тиббий гуруҳ хатога йўл қўйганини инкор этиб, футболчи ўлимидан олдин бир қатор соғлиқ муаммоларидан азият чекканини таъкидламоқда. Саккизинчи айбланувчи, ҳамшира Дахиана Мадрид эса ишини судьялар ҳайъати кўриб чиқишини сўраган ва у алоҳида суд қилинади (санаси ҳали белгиланмаган). 

Ҳукм йил ўрталаригача, суд таътиллари бошлангунга қадар чиқарилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Марадона 2020 йил 25 ноябрда 60 ёшида вафот этган эди. Ўлимга ўпка шишига олиб келган ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган. У 1986 йилги жаҳон чемпиони ва FIFA талқинига кўра XX асрнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган.

2021 йилда 20 нафар экспертдан иборат комиссия тиббиёт ходимларининг ҳаракатларини “ноўрин, ноадекват ва масъулиятсиз” деб топган. Экспертлар хулосасига кўра, агар Марадона тегишли тиббиёт муассасасида лозим даражада даволанганида, унинг “омон қолиш имконияти юқорироқ бўлар эди”.


Мақола муаллифи

Теглар

Диего Марадона Жулиета Макинтач

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг