Месси хайрлашув мактубини ёзди

Спорт

−

image

39 ёшли футбол юлдузи Лионель Месси Аргентина миллий терма жамоасидаги фаолияти давомида уни қўллаб-қувватлаган ва доимо ёнида бўлган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган мактубида маълум қилди.

Кеча, 7 октябрь куни Аргентина ўртоқлик учрашувида Бенинни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ушбу баҳс Мессининг миллий терма жамоа билан хайрлашув ўйини бўлди. Ҳужумчи учрашувда 1 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.

“Кеча менинг сўнгги ўйиним бўлди ва мен аллақачон шу рангдаги либосни кийишни соғиниб улгурдим. Мен тўғри қарор қабул қилаётганимни биламан. Бу қувонч ва қайғуларга бой ажойиб саёҳат бўлди. Ҳар бир қадам бунга арзирли бўлганини англадим. Айтмоқчи бўлган гапларим ҳали жуда кўп. Ҳис қилаётган барча туйғуларимни бир неча сўз ёки битта хабар билан ифодалай олмайман”, деб ёзди Месси.

Футболчи бу йўлда оиласи, дўстлари, жамоадошлари ва мураббийларининг ҳиссаси катта бўлганини таъкидлади.

“Бу сафар оиламсиз амалга ошмас эди. Улар доимо ёнимда бўлишди ва айниқса, менга энг керак бўлган қийин пайтларда қўллаб-қувватлашди. Дўстларим, барча жамоадошларим ва мураббийларим ҳам мен учун беқиёс аҳамиятга эга бўлди”, дейди аргентиналик футболчи.

Месси, шунингдек, Аргентина футболи афсонаси Диего Марадона хотирасини ҳам ёдга олди.

“Мамлакатимизни муносиб даражага олиб чиққан ва ҳар бир қадамда ёнимизда бўлган, ҳатто осмондан ҳам бизга ёрдам берган Диегони унутишни истамайман”, дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, 39 ёшли Месси 2023 йилдан буён MLS вакили “Интер Майами”да тўп тепмоқда. У Европада “Барселона” ва “Пари Сен-Жермен” клублари сафида ўйнаган. Месси Аргентина билан 2022 йилги Жаҳон чемпионатида, 2021 ва 2024 йилларда Америка Кубогида ҳамда 2008 йилги Олимпиадада ғолиб чиққан. Месси Аргентина терма жамоаси сафида 208 та учрашувда майдонга тушиб, 126 та гол урган. У миллий жамоа тарихида ўтказилган ўйинлар ва урилган голлар бўйича рекордчи ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг