Тошкент вилоятида маҳкум қийноққа солинди
3-саҳифа
−
25 Март
7721Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган 50-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Т.И. колония ходимлари томонидан қийноққа солиниб, сўнг асоссиз равишда интизомий бўлинмага жойлаштирилган. Бу ҳақда у Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мурожаат қилган.
Омбудсман ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда, маҳкум Т.И. Пискент тумани марказий шифохонасига жойлаштирилган ҳамда шифокорлар хулосасига кўра, унинг бош ва кўкрак қисмида лат ейиш аломатлари аниқланган.
“Ишга оид ҳужжатлар ўрганилганда, маҳкум Т.И. интизомий бўлинмага 2025 йил 27 февраль куни жойлаштирилган ва унга 10 суткага интизомий бўлинмага киритиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу қарор Тошкент махсус прокурори томонидан ўрганилиб, бекор қилинган ҳамда колония маъмуриятининг ҳаракатлари Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддаси (маҳкумларни интизомий жазолаш шартлари) ва 111-моддаси (қўпол тартиббузарлик тушунчаси) талабларига зид деб топилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, маҳкум олти кун давомида асоссиз равишда интизомий бўлинмада сақланиб, унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган. Шу сабабли, Омбудсман томонидан қонун талаблари бузилишига йўл қўйган ходимларга чора кўрилишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига назорат хати киритилган.
Эслатиб ўтамиз, 18 март куни Сенат бешинчи ялпи мажлисида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов сенаторнинг ўтган 2024 йилда қийноқлар оқибатида вафот этиш ҳолатлари ва уларнинг сабаблари ҳақидаги саволни очиқ қолдирганди.
Шундан кейин Сенат раиси Танзила Норбоева Тергов департаменти бошқарма бошлиғига омбудсман томонидан ўтган йили шундай турдаги ҳолатлар юзасидан қанча ариза тушгани бўйича савол берди.
“Бизга келган аризаларни ҳамкорликда кўриб чиқяпмиз. Ушбу аризалар белгиланган муддатларда жавобларни ва амалга оширилган, кўриб чиқилган текширув натижалар бўйича вақтида ахборотларни бериб бормоқдамиз. Ҳозир аниқ ҳисобот, статистик маълумотлар йўқ”, дея жавоб берди Шерматов.
Сенат Раиси эса жавобдан қониқмади ва ҳисоботга тайёр бўлиб келиш кераклигини айтиб, унга дакки берди.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель