Пискентнинг сўконғич ҳокими жазоланди

Жамият

−

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳокими Музаффар Орипов фермерларни ҳақоратлаб, картошка экмаса ерларини тортиб олиш ва “жонини суғуриб олиш” билан таҳдид қилгани айтилган аудио тарқалди. Ушбу ҳолат ортидан Музаффар Ориповга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бугун, 13 октябрь куни имзолаган фармойишда келтирилган.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 595-сонли қарори талабларига риоя қилмаганлиги, давлат хизматчисининг касб этикасини бузганлиги учун Пискент тумани ҳокими Музаффар Акбарович Ориповга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилсин”, дейилади ҳужжатда.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 9 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Музаффар Орипов фермерларни ҳақорат қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда ҳоким фермерлар билан йиғилишда бир неча бор ёмон сўзлар ишлатгани, фермерлардан ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани айтилади. Шунингдек, ушбу йиғилишда аёллар ҳам бўлгани ҳақида сўз боради.

Ушбу хабарлар юзасидан туман ҳокимлиги муносабат билдириб, мазкур ҳолатга холис баҳо бериш учун йиғилишдаги мулоқот тафсилотлари билан бир қаторда, муҳокамага сабаб бўлган масала, олдиндан белгиланган вазифалар ва уларнинг аҳоли манфаатлари билан боғлиқ жиҳатларини ҳам инобатга олиш лозимлигини билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 июль куни туман ҳокимлигида фермер хўжаликлари раҳбарлари учун амалий семинар ўтказилиб, картошка экиш, серҳосил навларни танлаш ва белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинган. Фермерларга Gala, Red Scarlett, Colomba, Flamingo, Vega, Sadon ва Primabelle каби картошка навлари ҳам таништирилган. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай, 18 июль куни айрим фермерлар белгиланган режа асосида картошка экмагани, ғалладан бўшаган ер майдонларини бошқа шахсларга сотиб юборгани ва ушбу майдонларда ҳам картошка экилмагани билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан танқидий йиғилиш ўтказишга тўғри келган.

“Шуни унутмаслик керакки, ер фермернинг хусусий мулки эмас. Ер – халқнинг бебаҳо бойлиги бўлиб, ундан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Фермер ердан ўз билганича фойдаланиш эмас, балки белгиланган мақсад ва мажбуриятларга мувофиқ иш юритиш масъулиятини ҳам зиммасига олади. Агар ҳар ким ўз манфаатини кўзлаб, белгиланган вазифаларни четлаб ўтиб иш юритса, халқ манфаатлари қаерда қолади? Бугун мамлакатимизда картошка импортини камайтириш, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва қиш мавсуми учун етарли захира яратиш мақсадида ишлар олиб борилаётган бир пайтда, картошка экилиши лозим бўлган майдонларни бошқаларга сотиб юбориш ва натижада белгиланган режани бажармасликка бефарқ қараб бўлмайди. Чунки экилмай қолган ҳар бир гектар ер — бу шунчаки бажарилмаган режа эмас, балки маҳаллий маҳсулот етиштириш имкониятининг бой берилиши ва аҳоли таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилдир. Пискентда картошка етиштириш бўйича амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Биринчи мавсум учун 650 гектар майдонда картошка етиштириш, жумладан, фермер хўжаликларида 520 гектар ва деҳқон хўжаликларида 130 гектар ердан фойдаланиш, жами 20 800 тонна ҳосил олиш мақсад қилинган. Сифатли уруғлик билан таъминлаш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида Россия мутахассислари билан музокаралар ўтказилган. Шунингдек, Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамлари арафасида аҳолига картошкани 3 500 сўмдан етказиб бериш ишлари ташкил этилган”, дейилади муносабатда.

Шунингдек, ҳокимлик белгиланган вазифаларнинг долзарблиги йиғилиш давомидаги ҳар қандай муомала шаклини ўз-ўзидан оқламаслигини билдирган ва фермерларнинг ҳуқуқлари ҳам, аҳоли манфаатлари ҳам бирдек ҳурмат қилиниши шартлигини қайд этган. 

“Йиғилишдаги муомала ва телефонлар олиб қўйилгани ҳақидаги даъволар ҳам алоҳида далиллар асосида холис ўрганилиши лозим”, дейилади муносабатда.

Бундан ташқари, юқоридаги ҳолатдан сўнг Фермерлар кенгаши прокуратурага мурожаат қилган, Бизнес омбудсман эса суриштирув бошлагани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Музработ туманининг сўконғич ҳокимига ҳайфсан берилган эди. У ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерлар билан ўтказилган йиғилишда уларни ҳақорат қилган ва таҳқирловчи муносабатда бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг