“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун Президент Администрациясида ўрганиб чиқилмоқда – Норбоева
Жамият
−
27 Январь
8763Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Сенат томонидан маъқулланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун Президент Администрациясида ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Лондонга сафари давомида BBC Ўзбек хизмати билан суҳбатда маълум қилди.
“Албатта бу қонун қабул қилинади. Президент Администрациясидаги экспертлар гуруҳи бу қонунни ўрганиб чиқиш босқичида, деб биламан. Бу анча вақт талаб қилади, чунки улар Ўзбекистондаги бугунги кундаги тенденцияларни, қонунчиларнинг берган хулосалари ва халқаро доираларда бу борадаги ҳолатни таҳлил қилган ҳолда ўзларининг фикрларини шакллантиришади. Президентимизнинг олдиларида эса иккита йўл бор – бу қонунни ё қабул қиладилар ёки қайтариб юборадилар. Биз буни ҳозир кутиб турибмиз”, дейди Норбоева.
Қайд этиш жоизки, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида” ги қонун лойиҳаси 2022 йилнинг октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган. 2023 йилнинг 1 июнь куни қонунни Сенат ҳам маъқуллаган ва имзолаш учун давлат раҳбарига юборган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига кўра, Қонун Сенат томонидан маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кундан кечиктирмай юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қонунни олтмиш кун ичида имзолайди ва эълон қилади.
Президент Қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.
Норбоеванинг гапига қараганда Сенат томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президент Администрациясига юборилганига 7 ой бўлаётган қонун ҳали ҳам ўрганиш жараёнида қолмоқда.
LiveБарчаси