“Манчестер Сити” АПЛнинг энг қиммат ҳимоячиларидан бирини сотиб олиши мумкин

Спорт

image

“Манчестер Сити” жамоаси қишки трансфер ойнаси давомида “Кристал Пелас” марказий ҳимоячиси Марк Геҳини сотиб олишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

“Шаҳарликлар”нинг Геҳига қизиқишига сабаб жамоа ҳимоя чизиғидаги жиддий муаммолар билан боғлиқ. Жорий йилнинг 4 январь кунги “Челси” билан 1:1 ҳисобидаги дуранг ўйинда жамоанинг икки асосий марказий ҳимоячиси Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олди. Шу билан бирга, “Сити”нинг яна бир ҳимоячиси Жон Стоунс ҳам узоқ вақтдан бери соғлиғидаги муаммолар билан майдонга туша олмаяпти.

Манбага кўра, “Манчестер Сити” раҳбарияти якуний қарор қабул қилишни кечиктирмоқда ва Геҳи трансфери бўйича фаол чораларни кўришдан олдин Гвардиол ва Диашнинг тиббий ҳолати бўйича хулосаларни кутмоқда. 

Марк Геҳининг “Кристал Пелас” билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзигача амал қилади. Агар ҳимоячи шартномани узайтирмаса, у мавсум якунида клубни текинга тарк этиши мумкин. Лондон клуби эса футболчини мавсум охирида йўқотмаслик мақсадида, январь ойидаёқ сотишни кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Манчестер Сити” ҳимоячиси Йошко Гвардиол болдиридан олган жароҳати сабаб ҳафта охирида жарроҳлик амалиётини ўтказиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

“Манчестер Сити” Йошко Гвардиол “Кристал Пелас” Марк Геҳи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг