“Манчестер Сити”да жиддий йўқотиш: Йошко Гвардиол операция қилинади
Спорт
−
06 Январь 2318 1 дақиқа
“Манчестер Сити” ҳимоячиси Йошко Гвардиол болдиридан олган жароҳати сабаб яқин кунларда жарроҳлик амалиётини ўтказади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
23 ёшли хорватиялик футболчи жорий йилнинг 4 январь куни “Челси”га қарши ўтказилган уй учрашувининг (1:1) иккинчи бўлими бошида жароҳат сабаб алмаштирилган эди.
Клуб баёнотида таъкидланишича, ҳимоячи ҳафта охирида операция қилинади, жароҳатнинг тўлиқ даражаси ҳамда майдонга қайтиш муддати эса қўшимча тиббий текширувлардан сўнг аниқланади.
Таъкидлаш жоиз, “Челси”га қарши баҳсда жамоанинг яна бир марказий ҳимоячиси Рубен Диаш ҳам жароҳати сабаб захирага олинди. Шунингдек, Англия терма жамоаси аъзоси Жон Стоунс ҳам сафдан чиққан.
Маълумот учун, айни пайтда “Манчестер Сити” Премьер-лига турнир жадвалида 42 очко билан иккинчи ўринда бормоқда ва пешқадам “Арсенал”дан олти очко ортда қолмоқда.
Live
Барчаси