Мамлакат “Толибонистон”га айланишни хоҳламайди – Афғонистоннинг собиқ вице-президенти

Олам

image

“Толибон” ҳаракати диктатураси Афғонистон томонидан қабул қилинмайди, мамлакат “Толибонистон”га айланмоқчи эмас. Бу ҳақда Афғонистоннинг собиқ биринчи вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ бугун, 24 август куни “India Today” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Афғонистон “Толибонистон”га айланишини хоҳламаймиз. Бундай бўлмайди, лекин “Толибон” бунга эришмоқчи”, дейди Солиҳ.

Шунингдек, собиқ биринчи вице-президент “Толибон” Панжшер вилоятининг бир қисмини босиб олгани ҳақидаги даъволарини рад этган. 

“Бу бутунлай ёлғон, биз вазиятни назорат қиляпмиз, Панжшер ҳимоячиларининг руҳияти жуда юқори. Биз конструктив музокараларга, шунингдек музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда қаршилик кўрсатишга тайёрмиз”, дейди Солиҳ.

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистонинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум. Панжшерда аллақачон "Шимолий альянс" байроғи кўтарилган.

"Толибон" позицияларига қарши ҳужумга ўтган қаршилик кучлари бир қанча туманларни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made