“Малика”да 23 ёшли йигит сотувчиларни қарийб 6 млрд сўмга “ухлатди”

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида 2002 йилда туғилган йигит “Малика” савдо мажмуасидаги телефон дўконларининг 11 нафар сотувчисини 5 миллиард 800 млн сўмга чув туширди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.

Ҳукмга кўра, 2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган С.У. 2024 йилнинг июль-август ойларида 11 нафар сотувчидан қиймати 5 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ бўлган 300 дан ортиқ iPhone ва Samsung телефонларини муддатли тўлов асосида бўлиб тўлаш шарти билан олган ва мазкур телефонларни ўзи топган мижозларга сотиб юборган. Пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Жорий йилнинг 30 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида айбланувчига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган. Судда С.У. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, етказилган моддий зарарларни қоплаш учун имконияти йўқлиги учун енгиллик сўраган. Суд уни Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан айбли деб топган ва унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Шунингдек, С.У. дан 5 миллиард 800 миллиондан сўмдан ортиқ миқдордаги етказилган зарар ундирилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида йирик миқдордаги фирибгарлик, ўғрилик, ёлғон гувоҳлик бериш, порада воситачилик, туҳмат ва бошқа 10 дан ортиқ жиноятларни содир қилган шахс 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган эди. Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўтказилган тергов ва суд ҳужжатларига кўра, судланувчи 2021-2024 йиллар оралиғида 13 та ҳолатда фуқароларнинг ишончига кириб, уларга турли ваъдалар бериб, йирик миқдорда молиявий маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Хусусан, у автотранспорт воситаларини арзон нархда олиб бериш, ер майдонлари ва кўчмас мулкларни сотиб олиш, юқори даромадли ишга жойлаштириш каби баҳоналар билан бир неча фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган. Фирибгарлик йўлида эса энг яқин танишларини ҳам аямаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жиноят Малика” савдо мажмуаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг