Мактабларда пул йиғганлар жаримага тортилиши мумкин. Қирғизистонда

Жамият

image

Қирғизистонда депутат Миргул Темирбоева мактабларда пул йиғими учун жарима солишни таклиф қилмоқда. У бу ҳақда парламентнинг ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси йиғилишида сўз очди.

Қайд этилишича, мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг ноқонуний пул йиғиш ва жамоат фондларини ташкил этишни тақиқлашига қарамай, мактабларда пул йиғиш давом этмоқда.

“Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг васийлари ўқитувчилар ва мактаб директорларига қимматбаҳо совғалар учун жамоавий пул йиғишда иштирок этиши, сўнгги қўнғироқ маросимини, битирув оқшомини ўтказиши ёки синфларни жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олиши шарт эмас. Аксарият ҳолларда ота-оналар бола учун пул бермаса, ўқитувчилар кейинчалик ўқувчига салбий муносабатда бўлишидан қўрқади”, дейди депутат қўмита йиғилишида.

Қонунга хилоф равишда пул маблағларини йиғиш ҳолатлари аниқланганда, Қоидабузарликлар ҳақидаги кодексга мувофиқ жавобгарликка тортиш таклиф қилинмоқда.

Янги моддага кўра,  давлат умумтаълим ташкилотларида (1-синфдан 11-синфгача ўқитиладиган мактаблар) пул маблағларини қонунга хилоф равишда йиғиш жисмоний шахсларга 200 ҳисоб-китоб кўрсаткичи (20 минг қирғиз соми — 3 миллион сўмдан зиёд)      миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳолат мактаблар қошида жамоат фондларини ташкил этиш йўли билан содир этилган бўлса, жисмоний шахсларга 400 ҳисоб-китоб кўрсаткичи (40 минг сом — 6 миллион сўмдан ортиқ), юридик шахсларга 600 ҳисоб-китоб кўрсаткичи (60 минг сом — 9 миллион сўмдан зиёд) миқдорида жарима солишга олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатдаги мактаб ва боғчаларда ота-оналардан мажбурий фонд пули йиғилиши тақиқланиши маълум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мактаб Қирғизистон жарима

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made