Макрон ўтказаётган Фаластин бўйича конференция қолдирилди
Олам
−
17 Июнь 3622 2 дақиқа
БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бугун, 17 июнь куни бошланиши керак бўлган Яқин Шарқ бўйича юқори даражадаги халқаро конференция минтақадаги вазият кескинлашгани сабабли қолдирилди. Бу ҳақда ташкилотчиларнинг махсус пресс-релизида айтилган.
“Биз Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар ва минтақадаги кескинлик кучайиб бораётганидан чуқур хавотирдамиз ва Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияни ташкил этиш бўйича ишни вақтинча тўхтатаётганимизни эълон қилишга мажбурмиз”, дейилади Миср Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Шу билан бирга, ташкилотчилар “Конференция доирасида режалаштирилган давра суҳбатлари яқин кунларда ўтказилишини” алоҳида таъкидлади. Конференция раислари ва ҳамраислари “илк фурсатда олий даражадаги учрашув чақирилиши ҳақида эълон қилишларини” таъкидлади, аммо ҳозирча тахминий санани кўрсатмаган.
17-20 июнь кунлари Саудия Арабистони ва Франция БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Исроил-Фаластин можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни илгари суриш мақсадида юқори даражадаги конференция ташкил қилиши керак эди.
13 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида қуролли тўқнашув бошланиши фонида Франция Президенти Эммануэль Макрон конференция “логистика ва хавфсизлик” туфайли қолдирилаётганини маълум қилди.
Умуман олганда, Фаластин давлатини БМТга аъзо 148 давлат тан олган. 95 давлатда Фаластин элчихоналари ва доимий ваколатхоналари мавжуд. “Икки халқ учун икки давлат” тамойили 1967 йилда пойтахти Шарқий Қуддус билан чегарада Исроил билан тинч-тотувликда яшаётган мустақил Фаластинни яратишни назарда тутади.
Live
Барчаси