Макрон Озарбайжонни ғазаблантирди
Олам
−
30 Июнь 2023 14830 2 дақиқа
Кеча, 29 июнь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Марселга ташрифи доирасида арман диаспорасининг нуфузли доиралари билан учрашди. У Марселдаги арман жамияти билан мулоқотда Озарбайжонга қарши реал чора кўришга чақирилиб, “Арцах блокадаси” ва “Озарбайжон агрессияси” шароитида ундан нафақат маънавий қўллаб-қувватлаш, балки янада таъсирчан ташаббуслар кутилаётганини билдирди. Бу ҳақда “Еркрамас” хабар берди
Эммануэль Макрон Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга ҳам, Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга ҳам босим ўтказаётганини айтган.
“Мен Пашиняндан кўра Алиевга кўпроқ босим ўтказдим. Масала Пашинянда. Арцах масаласида фақат мен аниқ позицияга эгаман. Мен халқаро оилада бу кун тартибига эга бўлган ягона одам бўлсам ҳам, қўлимдан келганини қилишда давом этаман”, деган Макрон арманлар унинг Арманистон масаласидаги қатъиятига шубҳа қилмасликлари кераклигини таъкидлаб.
Макроннинг сўзлари, табиийки, Озарбайжоннинг эътиборидан четда қолмаган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Франция Президентининг мазкур гапларига изоҳ бериб, Макроннинг Марселдаги арман жамияти билан учрашувда айтган аксил-Озарбайжон баёнотлари қабул қилиниши мумкин эмаслигини билдирган. Шунингдек, Баку Макронни арман диаспораси қўлида воситага айланганликда айблаган.
“Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиевга нисбатан босим ҳақидаги баёнотлар Франция Президенти Макроннинг ўйлаб топилган гаплари. Озарбайжон Республикаси Президентига босим ўтказишга уринишлар ҳеч қачон натижа бермаган. Президент Макроннинг баёноти унинг Франциядаги арман лоббиси қўлидаги восита эканини яна бир бор кўрсатди”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арцахни Озарбайжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олган Арманистон ҳукуматини мақтаб, макрон учрашган арман диаспорасини радикализмда айблаган.
“Макрон тушунтиришга уринаётган арман ҳамжамиятининг вакили Арманистон мамлакатга киришни тақиқлаган радикал шахслардан биридир. Арманистон томонидан Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини ва Қорабоғ минтақаси Озарбайжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олиниши фонида Президент Макроннинг бундай “холис” баёнотлари нафақат минтақада тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига тўсқинлик қилмоқда, балки сепаратизм ва терроризмни қўллаб-қувватловчиларнинг бузғунчи фаолиятини янада кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда”, дейилади Озарбайжон дипломатик департаменти хабарида.
Live
Барчаси