Мадуро АҚШ билан алоқаларни тиклашга тайёрлигини билдирди
Олам
−
09 Ноябрь 2020
4582Венесуэла Президенти Николас Мадуро Демократ Жозеф Байден АҚШ Президентлигига келганидан кейин Каракас Вашингтон расмийлари билан мулоқотни қайта бошлаш ниятида эканлигини билдирди.
"Биз келажакда Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ва мен раҳбарлик қилаётган Венесуэла ҳукумати ўртасида муносиб, самимий, тўғридан-тўғри мулоқот каналларини қайта тиклашга ҳаракат қиламиз", деб эълон қилди Венесуэла раҳбари.
Аввалроқ Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари – “ABC News”, “FOX News”, CNN, AP ва NBC АҚШ Президенти сайловларида демократ Жо Байден ғалаба қозонганини эълон қилганди. Аммо натижалар ҳали расман эълон қилинмаган.
Маълумот ўрнида, 2019 йил 21 январда Венесуэлада оммавий норозилик намойишлари бошланди. Натижада, оппозиция раҳбари Хуан Гуайдо ўзини республиканинг муваққат Президенти деб эълон қилди. Қўшма Штатлар бошчилигидаги бир қатор давлатлар Гуайдони давлат раҳбари сифатида тан олишди. Ўз навбатида, Россия, Хитой, Туркия ва бошқа бир қатор давлатлар Мадурони қонуний Президент сифатида қўллаб-қувватладилар.