Лукашенко ва Арманистон собиқ Президентининг махфий суҳбати аудиоси тарқалди
Олам
−
08 Декабрь 2020
16559Ижтимоий тармоқларда Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва Арманистоннинг собиқ Президенти Серж Саргсян ўртасида бўлиб ўтган мулоқот аудиоси тарқалди. Президентлар Тоғли Қорабоғ муаммосини муҳокама қилган.
Суҳбат чоғида Лукашенко Саргсянга Тоғли Қорабоғ учун Озарбайжондан 5 млрд доллар сўрашни таклиф қилган ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бунга рози бўлишини айтган. Аммо Саргсян бунга рад жавобини беради ва Озарбайжон 7 тумандан (Тоғли Қорабоғдаги) воз кечиши учун 6 млрд доллар беришга тайёрлигини билдиради.
Саргсян 7 та туманни расмий Бакуга топширолмаслигини у ерда 5 минг аскар қони тўкилгани билан изоҳлайди. Шунингдек, у Озарбайжон йўлларни тўсиб қўйишини ҳам қўшимча қилади.
“Мен бундай қилолмайман. Негаки 7 та туман ўша ерда ҳалок бўлган 5 минг аскар билан забт этилган”, дейди Арманистоннинг собиқ Президенти.
Бунга жавобан Лукашенко 30 млн киши Германия билан урушда ҳалок бўлганини айтади.
“Нима қилибди? Бизда 30 миллион ўлган, биз немислар билан урушмаяпмиз-ку”, деган Беларусь раҳбари.
Саргсян ҳам бунга муносиб жавобни берган. “Бизда ҳам кам ўлмаган. Фақатгина Беларусь учун 30 минг (арман)”, деган арманлар собиқ етакчиси.
Лукашенко суҳбат асносида Арманистон туманларни қайтарса Россия билан 20 минг тинчликпарвар кучларни киритишини айтади.
Арманистон собиқ Президенти Серж Саргсяннинг офиси Telegram`даги “Баграмян” каналида эълон қилинган аудиоёзувнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Лукашенко ва Саргсян мулоқоти 2016 йилда бўлиб ўтган.
“2016 йил 14 октябрь куни Ереванда ўтган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) кенгашининг тор доирадаги йиғилишида ёзиб олинган Президентлар мулоқоти қандай қилиб интернетга тарқалганини тушунолмадим. Арманистоннинг учинчи Президенти девони эълон қилинган аудиоёзувни факт сифатида қабул қилади ва изоҳ беришдан тийилади. Негаки ёпиқ шаклда ўтказилган мулоқотга изоҳ бериш мумкин эмас”, дейилган тарқатилган баёнотда.
Аудиоёзув қандай қилиб интернетга тарқатилгани ҳозирча номаълум.
Қайд этиш керакки, ҳозир Арманистонда Бош вазир Никол Пашинянга қарши мухолифат ҳаракати авж олган. Арманлар Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари томонидан имзоланган баёнот шартларидан норози.
Мухолифат етакчилари орасида Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Артур Ванецян ҳам бор. У 2018-2019 йилларда махфий ташкилотга раҳбарлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь