“Ҳеч ким билмасди”. Лукашенко кенжа ўғли армияда хизмат қилаётганини айтди

Олам

image

Беларусь резиденти Александр Лукашенконинг кенжа ўғли Николай мамлакат армиясида ҳарбий хизматни ўтамоқда. Бу ҳақда у бугун, 11 сентябрь куни журналистларга маълум қилди.

Николай Лукашенко лейтенант унвонида хизмат қилмоқда. Отасининг сўзларига кўра, кенжа ўғлининг ҳарбий хизматга чақирилганини илгари ҳеч ким билмаган.

“Кенжа ўғлим аллақачон армияда хизмат қиляпти. Ҳатто ҳеч ким билмас ҳам эди. Виктор (Мудофаа вазири Виктор Хренин. — таҳр. изоҳи) чақирди. Қонун-қоидага мувофиқ, ҳамма каби армияда хизмат қиляпти. Лейтенант. Қайердалигини айтмайман, лекин энг мураккаб бўлинмада”, дейди Беларусь резиденти.

Александр Лукашенко Николай бир вақтнинг ўзида бўш вақтида биотехнологияларни – олий ўқув юртида таълим олган асосий мутахассислигини янада чуқурроқ ўрганишга эътибор қаратаётганини айтган.

Қайд этиш жоиз, Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг ўзи 1975-1977 йилларда чегара қўшинларида хизмат қилган. Бундан ташқари, турли йилларда унинг тўнғич ва ўртанча ўғиллари – Виктор ва Дмитрий ҳам яшил фуражка (чегарачилар бош кийими) кийган. Иккаласи ҳам Беларусь давлат университетининг (БДУ) халқаро муносабатлар факультетини тамомлаган. У ерда ҳарбий кафедра мавжуд.

Виктор Лукашенко олий ўқув юртини тамомлагач, лейтенант унвонига эга бўлган, шунга қарамай армияга боришга қарор қилган. У ноқонуний миграция ва контрабандага қарши курашувчи бўлинмада хизмат қилган. Кейинчалик, 2003 йилда, давлат раҳбарининг ўртанча ўғли Дмитрий ҳам айнан ўша ерда ҳарбий хизматни ўтаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг