Лондонда Украинанинг НАТОга кириши муҳокама қилинди

Олам

image

Бугун, 10 октябрь куни Лондонда Украина Президенти Владимир Зеленский, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва НАТО Бош котиби Марк Рютте ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Украина Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Етакчилар Марк Рюттенинг НАТОнинг янги Бош котиби сифатида Украинага биринчи ташрифи рамзийлигини қайд этиб, буни “альянс устуворликларининг яққол намойиши” деб атади. Музокараларнинг асосий мавзулари Евро-Атлантика интеграцияси ва Украинани ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат эди.

Президент Зеленскийнинг фикрича, бу адолатли дунёни тиклаш учун энг яхши шароитларни яратади.

“Владимир Зеленский Россиянинг ҳар куни тинч аҳоли ва объектларга, энергия тармоқларига ҳаво ҳужумлари, шунингдек, Қора денгиз дон ташаббуси инфратузилмасига сўнгги ҳужумлар ҳақида батафсил гапириб берди", деб ёзади матбуот хизмати.

Баёнотда, шунингдек, учрашув давомида НАТОнинг Вашингтон саммити қарорларини имкон қадар тезроқ амалга ошириш, хусусан, Украинани янги ҳаво мудофаа тизимлари, снарядлар, дронлар ва узоқ масофали қуроллар билан мустаҳкамлаш, авиация салоҳиятини кучайтириш, шунингдек, иттифоқчиларнинг Украина ишлаб чиқаришига сармоя киритиш масалалари муҳокама қилингани таъкидланган.

"Владимир Зеленский, Кир Стармер ва Марк Рютте кейинги қадамлари ҳақида келишиб олди”, дея қўшимча қилди матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 10 октябрь куни Владимир Зеленский Парижга ҳам боради ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашади. Эртага, 11 октябрь куни эса у Берлинга боради. Ташриф давомида Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц ва Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашади. 


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Буюк Британия Украина Владимир Зеленский Марк Рютте Кир Стармер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг