Ливан қаршиликлари тарихида жиддий мағлубиятга учрадик – Насруллоҳ
Олам
−
19 Сентябрь
12569“Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг айтишича, Исроилнинг сўнгги ҳужумлари Ливандаги қаршилик тарихига жиддий зарба бўлган. Бу ҳақда у бугун, 19 сентябрь куни телевидение орқали қилган чиқишида сўз очди.
Насруллоҳнинг қайд этишича, портлашлар оқибатида кўпчилик одамлар кўзларидан жароҳат олган. Унинг сўзларига кўра, шифохоналар гавжумлигининг сабаби ҳам шу. Унинг айтишича, портлашларнинг аксарияти шифохоналар, бозорлар, йўллар ва асосан аёллар ва болалар бўлган уйларда содир бўлган.
"Исроил қизил чизиқни кесиб ўтди. Исроил сешанба кунги портлашлар билан бир дақиқада 4 минг одамни ўлдирмоқчи бўлган, сешанба ва чоршанба кунлари эса 2 дақиқада 5 минг одамни ўлдиришни мақсад қилган. Исроилнинг сўнгги икки кундаги ҳужумлари Ливан халқига қарши уруш эълонидир", дейди Насруллоҳ.
Бош котибнинг айтишича, Исроил технологик жиҳатдан Ливандан устундир, чунки уни НАТО ва АҚШ қўллаб-қувватлайди.
“Ҳизбуллоҳ" томонидан 8 октябрдан бери очилган қўллаб-қувватлаш фронти Исроилга жиддий зарба берди ва бу ҳужумлар бунинг далилидир. Сешанба ва чоршанба “Ҳизбуллоҳ” учун оғир ва қонли кунлар эди. Бу оғриқли ва кучли зарба бизни йўқ қилмаган ва йўқ қилмайди. Улардан олган сабоқлар эвазига кучайиб борамиз”, дейди у.
“Ҳизбуллоҳ” етакчисининг айтишича, Ливан фронтининг энг катта дастак ва босим фронтларидан бири бўлиб, Исроил шунинг учун ҳам Ливан фронтини тўхтатишга ҳаракат қилган. Исроилнинг олдинги барча ҳаракатларига қарамай, қаршилик фронти ёпилмаган, шунинг учун у бу ҳужумларга мурожаат қилган.
Насруллоҳнинг айтишича, сешанба куни расмий ва норасмий каналлар орқали ҳужумлар Ливан фронтини йўқ қилиш ҳамда Ливан ва Ғазони бўлиб ташлашга қаратилгани ҳақида хабар берилган.
“Ғазодаги ҳужумлар тўхтамагунча Ливан жабҳаси ёпилмайди. Буни аввал ҳам айтган эдик ва бу ҳужумлардан кейин ҳам айтяпмиз. Шимолдаги исроилликлар уруш тугамагунча уйларига қайта олмайди”, дейди у.
Насруллоҳ Тель-Авив маъмуриятининг исроилликларни ўз уйларига қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида гапирар экан, шундай деди:
“Исроилликлар шимолга қайтмайди. Улар учун қайтишнинг ягона йўли урушни тугатишдир. Келинг, буни қилайлик”.
Ҳасан Насруллоҳ исроилликлар Ливан ҳудудида хавфсизлик коридорини яратиш ҳақида гаплашаётганини ва агар улар бунга ҳаракат қилса, тегишли жавоб олишларини эслатди.
“Агар сиз Ливан ҳудудида хавфсизлик коридорини яратсангиз, бу коридор сиз учун пистирма ва дўзахга айланади”, деб таҳдид қилди Бош котиб.
Исроилнинг ушбу ҳужумларига жавоб чоралари ҳақида гапирар экан, Насруллоҳ шундай деди:
“Сешанба ва чоршанба кунлари содир бўлган воқеаларга жавоб адолатли қасос бўлади, унинг вақтини, жойини ва табиатини ўзимиз белгилаймиз”.
Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни Ливаннинг турли ҳудудларида “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг пейжерлари портлаган эди. Ҳодиса оқибатида 2,8 мингга яқин одам жароҳат олган, 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида 10 ёшли қиз ҳам бор. Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатганини хабар берди. Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайвань брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерларнинг оммавий портлашига алоқадорлигини рад этди.
Кеча, 18 сентябрь куни эса Ливан шарқидаги Бекаа ҳудудида алоқа воситалари оммавий тарзда портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган.
Эртага, 20 сентябрь куни тушдан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Ливандаги воқеаларни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади.
LiveБарчаси