Литва “Вагнер” сабаб Беларусь билан чегарасини бутунлай ёпиши мумкин

Олам

image

Литва Президенти Гитанас Науседа “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси Беларусда бўлиб тургани учун ушбу мамлакат билан чегара бутунлай ёпилишини истисно қилмади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди

“Биз нафақат миллий миқёсдаги чора-тадбирлар ҳақида гапиришимиз, балки вазият янада ёмонлашса, нима қилиш кераклиги, жумладан, Беларусь билан чегарани ёпиш алгоритмларини ҳам муҳокама қилишимиз керак. Лекин бу Польша, Литва ва Латвия ўртасида мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилиши керак”, дейди у Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий билан Сувалки танк полкига қўшма ташрифдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида. 

Аввалроқ Польша ҳам Беларусни тўлиқ изоляция қилиш ташаббусини эълон қилган эди. Моравецкийнинг сўзларига кўра, айни пайтда Беларусда 4 минг атрофида “Вагнер” жангчилари бор. 

Эслатиб ўтамиз, Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий юздан ортиқ “Вагнер” аскари Беларусни Россиянинг Калининград вилояти билан ажратиб турувчи Сувалки йўлагига – чегарага жойлаштирилганини айтганди. Бош вазир мазкур ҳаракатни “бўлажак гибрид ҳужумга ҳаракат” деб атаган. 

Унинг сўзларига кўра, “Вагнер”чилар Беларусь ҳарбийларидек кийинишлари ва бундай ниқоб остида ноқонуний муҳожирларга Польшага киришга, шу орқали мамлакатдаги вазиятни унинг ичидан бузишга ҳаракат қилишлари мумкин.

“Вагнер”нинг Беларусга кўчиши Ғарбда, хусусан, Польшада хавотирлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бир неча кун олдин Беларусь армиясининг махсус операциялар кучлари бўлинмалари Польша чегараси яқинидаги “Брестский” полигонида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарлари билан машғулотлар ҳам ўтказди. Жорий йилнинг 23 июль куни эса Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Путин билан суҳбатда гўёки, “Вагнер” аскарлари Польша шаҳарларига  “саёҳатга” боришга шошилаётганини айтди. 

Ушбу ҳолатда АҚШ Давлат департаменти Лукашенконинг шамасига жавобан, Қўшма Штатлар НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишига ваъда берди. Америка Урушни ўрганиш институти эса “Вагнер”да Украина ёки Польшага таҳдид солишга қодир бўлган оғир қуроллар йўқлиги ва шунинг учун ҳам ҳужум эҳтимоли мавжуд эмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Литва Беларусь Вагнер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг