Латвия Алишер Усмоновга қўйилган санкцияларни бекор қилишга қарши чиқди
Олам
−
12:58 683 2 дақиқа
Латвия Бош вазири Андрис Кулбергс Россия билан боғлиқ ўзбек миллиардери Алишер Усмонов ва россиялик миллиардер Михаил Фридманга нисбатан Европа Иттифоқи санкцияларини бекор қилиш эвазига бошқа минглаб шахс ва компанияларга қўйилган чекловларни узайтириш бўйича таклифни рад этди. Бу ҳақда Кулбергс кеча, 21 сентябрь куни кечқурун X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Таклифга кўра, Усмонов ва Фридманга нисбатан санкциялар бекор қилинади, бироқ Россия билан боғлиқ қарийб 3 минг нафар шахс ва ташкилотга қарши чекловлар яна уч йилга узайтирилади.
Россиянинг Украинага қарши уруши сабаб жорий этилган санкциялар активларни музлатиш ва сафар тақиқларини ўз ичига олади. Уларнинг амалда бўлиш муддати Европа Иттифоқининг 27 аъзо давлати бир овоздан узайтиришга қарор қилмаса, бугун, 22 сентябрь куни ярим тунда тугайди.
“Санкцияларни 36 ойга узайтириш тўғри қадам бўлар эди. Бироқ бунинг эвазига тўланадиган нарх ҳар икки шахсни санкциялар рўйхатидан чиқариш бўлмаслиги керак. Латвия бундай таклифни қабул қила олмайди”, деб ёзган Кулбергс.
Франция шу ойда Европа Иттифоқидаги бир қатор ҳамкорлари ва Украина норозилигига қарамай, россиялик ўзбек тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ташаббусини илгари сурганди. Дипломатлар маълум қилишича, Словакия ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлаган, Люксембург эса россиялик Михаил Фридманга нисбатан ҳам худди шундай чора кўришни талаб қилган.
Дипломатларнинг “Reuters” агентлигига айтишича, Франция бундай қадамни Озарбайжон томонидан босим бўлгани ҳақидаги баёнотлардан кейин ташлаган. Озарбайжон эса бу даъволарни рад этганди.
Усмонов ва Фридман ўзларига нисбатан қўйилган санкцияларни баҳс остига олган ҳамда уларни бекор қилиш мақсадида ҳуқуқий чоралар кўрган.
Қайд этилишича, Фридман Люксембургдан 16 миллиард доллар талаб қилмоқда. Бу иш арбитражга берилган. Европа Иттифоқи дипломатларига кўра, Люксембург Усмоновга нисбатан санкциялар бекор қилинса, Фридманга қарши Европа Иттифоқи санкцияларини сақлаб қолиш бўйича ўз позицияси заифлашиши мумкинлигини билдирган.
Латвия Бош вазири Кулбергс мазкур масалани муҳокама қилиш учун 22 сентябрь куни ҳукуматнинг шошилинч йиғилишини чақиришини айтган. У Латвия Брюссель ва Париж билан “Латвия манфаатларига мос ечим топиш” учун ҳамкорлик қилишини ёзган.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари санкциялар масаласидаги босиқ ҳолатни бартараф этиш мақсадида музокараларни қайта бошлаши кутилмоқда.
Live
БарчасиПутин Тўқаев билан ҳам телефонлашди
21 сентябр
Қашқадарёда 2300 йиллик оссуарий топилди
21 сентябр