Лаҳорда кучли ҳаво ифлосланиши сабабли мактаблар ёпилди
Олам
−
04 Ноябрь
2135Кеча, 3 ноябрь куни Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри Лаҳорда кучли ҳаво ифлосланиши сабабли мактаблар 1 ҳафтага ёпиб қўйилди. Фуқароларга эса уйда қолиш тавсия қилинмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, шаҳардаги ҳаво сифати индекси рекорд даража – 1100 га етган. IQAir мониторинг компанияси маълумотларига кўра эса, шаҳарда ҳаво сифати ҳозирда “хавфли” даражада. Қон томир ва нафас олиш тизимларига зарар етказадиган PM2.5 заррачалари концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган йиллик ўртача меъёрдан 60 баравар юқори.
Қайд этилишича, ҳукумат бошланғич мактабларни бир ҳафтага ёпиб, ота-оналардан фарзандларининг ҳимоя ниқобларини тақишини назорат қилишни сўраган. Фуқароларга эса дераза ва эшикларни ёпиб уйда қолиш, заруратсиз сафарлардан сақланиш тавсия этилмоқда.
Шунингдек, атроф-муҳитни транспорт воситалари билан ифлосланишини камайтириш мақсадида ходимларнинг ярми масофадан ишлашга ўтказилган. Ҳукумат ҳаво сифатининг ёмонлашувини Ҳиндистондан шамоллар олиб келган ифлос ҳаво билан изоҳлаган.
IQAir рейтингига кўра, ҳозирда Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида ҳам ҳаво ифлосланиш даражаси “хавфли” ҳолатда.
Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрдан 3 ноябрга ўтар кечаси Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошгани хабар қилинган эди. Унга кўра, шаҳарда ўрнатилган 32 та станция ҳавода заҳарли заррачалар меъёрдан бир неча баробар ошганини қайд этган.
LiveБарчаси