Кўзингиз қаерда эди? – Захарова Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонасига қилинган ҳужум ҳақида

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонаси ходимларига бир гуруҳ радикаллар томонидан уюштирилган ҳужум муносабати билан Москванинг қўллаб-қувватловини билдирди. У Британия ҳукумати ва полицияси нега элчихона ва дипломатлар хавфсизлигини таъминламаётганига ҳайрон бўлди.

"Лондондаги озарбайжонлик ҳамкасбларимга ўз қўллаб-қувватлашимни билдирмоқчиман. Озарбайжоннинг Британиядаги элчихонасига қилинган радикал ҳужум ҳақидаги воқеа мени ҳайратда қолдирди. Куппа-кундузда бутун бир вандаллар тўдаси дипломатик ваколатхона ҳудудига бостириб кирди, давлат рамзлари, бинога зарар етказди. Худога шукур, ҳеч ким жабрланмади”, деб ёзди Telegram’даги каналида. 

Захарова дипломатик ваколатхоналар ҳудуди дахлсизлиги халқаро муносабатларнинг тамал тоши эканлигини, бу эса бутун дунё бўйлаб дипломатларнинг муаммосиз ишлашини таъминлашини таъкидлади.  

“Бундай ҳодисалар одатий эмас”, дейди у. 

Шу муносабат билан дипломат 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясининг 22-моддаси 2-банди матнида қабул қилувчи давлат ваколатхона биноларини ҳар қандай босқин ёки зарардан ҳимоя қилиш ва миссия тинчлигига ҳар қандай бузилиш ёки унинг қадр-қимматига тажовуз қилишнинг олдини олиш учун барча тегишли чораларни кўришга алоҳида бурчли эканини эслатиб ўтди. 

“Элчихона ва дипломатлар хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган Британия расмийлари ва полициясига савол: қаерда эдингиз? Ассанжни Эквадор элчихонасида зодагонлардек қўриқлашди”, дейди Захарова. 

Маълумот учун, 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси радикал диний гуруҳ ҳужумига учради. Шахси номаълум бир неча киши элчихонага бостириб кириб, бино айвонида диний байроқларни очиб, радикал шиорларни айтган. Маҳаллий полиция аралашуви билан вандализм тўхтатилган ва жиноятчилар қўлга олинган.

Ҳодиса оқибатида элчихона ходимлари жабрланмаган. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британияга Вена конвенциясига мувофиқ дипломатик ваколатхоналар бинолари хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилганини маълум қилди. Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг Бакудаги муваққат ишлар вакили Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Ҳужум муносабати билан унга кескин норозилик билдирилди. 

ТИВ маълумотларига кўра, британиялик дипломатга ушбу провокация “дипломатик миссия хавфсизлигини таъминлаш муаммосини жиддий равишда очиб бергани ва қабул қилувчи давлат халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига мувофиқ хавфсизлик чораларини кўриши кераклиги” айтилган.  

Озарбайжон элчихонасига қилинган ҳужумга расмий Тошкент ҳам муносабат билдириб, бундай ҳаракатларни қоралади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мария Захарова

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг