Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонасига ҳужум қилинди. Баку кафолат талаб қиляпти

Олам

image

Озарбайжоннинг Лондондаги элчихонаси биносига бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

"Элчихона биносига кириб борган ҳужумчилар бинода бир қатор вандализм хатти-ҳаракатларини содир этган, балконга диний байроқларни осиб қўйган, радикал диний шиорларни айтиб ҳайқирган. Элчихона ходимлари жабрланмаган", дейилади хабарда. 

Дипломатик департаментга кўра, полициянинг аралашувидан сўнг ҳужум қилганлар элчихона биносидан чиқариб юборилган ва қўлга олинган.  

“Ҳодиса ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинмоқда”, дейилади ТИВ хабарида.  

Вазирлик Буюк Британияга Вена конвенциясига мувофиқ дипломатик ваколатхоналар бинолари хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилганини маълум қилди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум муносабати билан Буюк Британиянинг мамлакатдаги вақтинчалик ишлар вакилига норозилик билдирди.  

Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг Бакудаги муваққат ишлар вакили Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Ҳужум муносабати билан унга кескин норозилик билдирилди. 

ТИВ маълумотларига кўра, британиялик дипломатга ушбу провокация “дипломатик миссия хавфсизлигини таъминлаш муаммосини жиддий равишда очиб бергани ва қабул қилувчи давлат халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига мувофиқ хавфсизлик чораларини кўриши кераклиги” айтилган.  

“Бундай воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун кафолатлар талаб қилинди”, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Буюк Британиянинг тегишли органлари томонидан содир этилган бузғунчилик ҳаракатини тўлиқ текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби қўйилган. 

Ўз навбатида, британиялик дипломат воқеа юзасидан таассуф ва хавотир билдирган. Унинг сўзларига кўра, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

243

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг