Ўзбекистон Озарбайжоннинг Британиядаги элчихонасига уюштирилган ҳужумни қоралади
Жамият
−
05 Август 2022
9207Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонасига ғаразли мақсадда уюштирилган ҳужумни қатъий қоралайди. Бу ҳақда вазирлик тарқатган баёнотда келтирилган.
“Дипломатик ваколатхоналар ходимларининг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, ТИВ ҳодисани ҳар томонлама текшириш ва барча алоқадорларни жавобгарликка тортишга чақирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони қардош Озарбайжонни хориждаги фуқароларининг хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлашда қўллаб-қувватлашини билдирган.
Маълумот учун, 4 август куни Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси радикал диний гуруҳ ҳужумига учраган. Шахси номаълум бир неча киши элчихонага бостириб кириб, бино айвонида диний байроқларни очиб, радикал шиорларни айтган. Маҳаллий полиция аралашуви билан вандализм тўхтатилган ва жиноятчилар қўлга олинган.
Ҳодиса оқибатида элчихона ходимлари жабрланмаган. Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилган.
LiveБарчаси