Кушербоев Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилишига қайси “кнопка”ни босди?

Жамият

image

Кеча, 28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги масаласи кўриб чиқилди. Йиғилишда депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг Иттифоқда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши маъқул, деб топилди. Ушбу қарор бўйича йиғилишда иштирок этган жами 132 нафар депутатдан 86 нафари тарафдор (ёқлаб), 32 нафари қарши, 14 нафари эса бетарафман деб овоз берди. Биргина депутат овоз бермади. 

Хўш, жамоатчилик орасида энг фаол депутатлардан бири бўлган депутат Расул Кушербоев қайси тараф бўлди ва сабабларини қандай изоҳлайди? QALAMPIR.UZ таҳририяти Кушербоевга боғланиб, шу ва бошқа саволларга жавоблар олди.

Унга кўра, кечаги мажлисда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласида ҳар бир партия фракцияси ўз позициясини билдирган. Миллий тикланиш партияси вакиллари бу масалада расман ўз қаршилигини ифодалаган. Бу ерда гап аъзолик эмас, иттифоққа кузатувчи сифатида кириш ҳақида гап кетмоқда. Бу дегани иттифоқнинг фаолиятини янада кузатиб, фойда-зарарларини янада билиб олиш мумкин. Айримлар бу ҳолат мустақилликка ҳам таъсир қилиши мумкин, деган важларни айтмоқда. Лекин, энг аввало, иттифоққа кириш билан Ўзбекистон фуқаролари нима топади, иттифоқ зарарми ёки фойдами, деган саволларга жавоб топиб олиш керак.

"Ўзимиздаги ва халқаро экспертларни фикрларини эшитсак, улар бу билан Ўзбекистонга мигрантлар ва иқтисодий тарафдан рақобатга чидамли тадбиркорлар учун эркин савдода қулайликлар бўлади, деб айтмоқда. Бир томондан, мигрантлар билан боғлиқ патент масаласи олдиндан бўлган масала эмас. Адашмасам, бу масалага 4-5 йил бўлди. Лекин бу ҳолатни худди давлатларни мигрантлар орқали боғлаш сиёсати сифатида ҳам кўриш мумкин. Таъсир кўрсатишнинг бир воситаси сифатида. Патент масаласини кейинчалик кредитга ҳам берилиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор. Патент масаласини Россиянинг ташқи сиёсатини кучайтириш учун қилинган амалий ишлардан бири дейиш ҳам мумкин”, деди депутат.

Кушербоевга кўра, Россиянинг ўзида ҳам фуқаро учун расмий солиқ тўлаб, уни ишлатишдан қочадиган иш берувчилар ҳам кўп учрайди. Чунки шу вақтгача улар томонидан ўзбек мигрантларининг кўпчилик қисми норасмий ишлатилиб келинган. Бу тизим тўлиқ жорий қилинадиган бўлса, тескари натижа бериб, расмий иш бериш жараёнларидан қочиш юз бериши мумкин бўлган хавф ҳам бор. Амалда бу ҳолат Қирғизистон фуқаролари билан юз берган.

“Эркин савдо қилиш имкониятининг кенгайиши ҳақида гап кетмоқда. Иттифоқ давлатлари бозорига эркин кириб бориш керак деб ҳисобласак, буни МДҲга аъзо давлатлар доирасида ҳам қилишимиз мумкин. Бу борада ўзаро келишувларимиз ҳам бор. Лекин ЕОИИ давлатлари билан МДҲдаги келишувлардан ташқари яна қандай келишувларга эришиш мумкин? Мана шу саволга жавоб топиб олиш керак. Биз иқтисодий тарафидан кўра, иттифоққа киришдаги сиёсий томонларни ҳам ҳисобга олишимиз зарур. Сиёсий жиҳатдан нима ютишимиз мумкин, устуворлик ҳам шу тарафга қаратилиши керак.

Масалан ўзим ҳам иқтисодий тарафдан нима ютамиз ёки ютқазамиз, сиёсий тарафдан-чи, деган саволларга ҳануз тўлиқ жавоблар топа олмадим. Бунга жавобларни қидиришимиз керак. Баланс ушлай олмаяпман. Бунинг учун халқаро даражадаги иқтисодчи, сиёсатчиларимиз буни етарлича таҳлил қилиб бериши керак. Ҳозирги позициямиз жуда катта хато бўлди, деб ўйламайман. Кузатувчи мақоми буларни тўлиқ англаб етишимизга имкон беради, деб ҳисоблайман. Шу сабабли мен бетараф сифатида овоз бердим. Очиғи, бетарафлик яхши позиция эмас. Мен бу вариантни камдан кам ҳолларда танлайман. Лекин тўлиқ англаб етмаганим учун мана шу йўлни танлашга мажбур бўлдим”, дейди Кушербоев.


 


Мақола муаллифи

Теглар

ЕОИИ Кушербоев

Баҳолаганлар

591

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг