Таҳдид қилаётган Рамзан, узр сўраган Путин, касал Асма Асад, ошиб бораётган қарз – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Яна бир ҳафтани ортда қолдирдик. Яна бир йил якунланяпти. Йил бошида ўта муҳим санаган воқеаларимиз йил якунигача арзимас ҳодисаларга айланиб қолгандек. Вақт шу қадар шиддат билан ўтиб, дунёда шу қадар кўп тала-тўплар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар содир бўляптики, қай бирини айтишни билмайсан киши. Газ ва “свет”га қўйилган лимитни йил воқеаси деб атаган ўзбекистонликлар йил якунига келиб бутун диққатини сарой ва ундаги аъёнларга суиқасдга қаратган. Қарзларнинг кўпайиб бориши, дунёдаги урушлар, миграция сиёсатидаги тақиқлар, инфляция йирик тадбиркорлар ва ишбилармонлар тугул, оддий ўзбекистонликларнинг ҳам рўзғорига таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Йил ўрталарида бозорлари бўшаб қолган Ўзбекистон тадбиркорларининг йил охирларига келиб даромаддан ёзғириши ортгандан ортган. Камига газ ва электр энергиясининг юридик шахслар учун оширилиши, қуёш паннеллари деган баҳоналар билан “свет”дан узишлар, реклама мониторлари, пештахталарга келган қирғин фонида нафақат кичик ва ўрта бизнеслар, балки йирик корхоналар ҳам бош қашлаб қолди. Дунёда-чи? Дунёда икки ёқлама стандартлар авж олмоқда. Террорчи дейилганларга тўрдан жой берилмоқда, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкканлар тинчлик ва адолатдан ваъз ўқимоқда. Хуллас, 2024 йил ана шундай тушунарсиз воқеалар билан ёдда қолмоқда. Хўш, йилнинг энг сўнгги ҳафтасида нималар содир бўлди? Биргаликда кўриб чиқамиз. 

Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашаётганлар

Айримларга уй тўридан жой берсанг, ўзини йўқотиб чорпояси билан чиқади. Буни ҳозирги айтадиган гапларга умуман алоқаси йўқ, шунчаки ёдимга тушиб қолди, холос. 

Рамзан Қодиров ким ўзи? Россия Федерациясининг бир субъекти бўлган Чеченистоннинг раҳбари. Суриштириб келсангиз, аҳолиси сони бўйича ўзимизнинг пойтахт Тошкентдан 2 баравар ортда қоладиган бу ҳудуд раҳбари Ўзбекистондан ҳисоб сўраши қанчалик тўғри? Аслида ҳеч қанақасига тўғри эмас, лекин аллақачон Россиядаги исталган мулозим, ҳатто, Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг ҳисоб сўрашига ва одатда Ўзбекистон расмийлари айб иш қилгандек бунга жим қараб туришига ўрганиб қолганмиз. Аммо Қодиров ким, Қодиров? Нега у Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашяпти? Қайси ишига аралашяпти, дейсизми? Айнан Президент Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига суиқасд ишига. Қодиров тугаётган ҳафтада шов-шувли чиқиш қилиб, Президент Мирзиёев оиласидан баёнот кутаётганини айтди. 

“Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев оиласидаги нифоқ ҳақидаги ғарбпараст ОАВлар томонидан миш-мишлар тарқалаётганини кузатяпман. Икки ойдан кўпроқ вақт олдин Ўзбекистонда собиқ амалдор Комил Алламжоновнинг ҳаётига суиқасд бўлганлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Буни суиқасд деб аташ қийин. ОАВ зудлик билан баъзи манбаларга мурожаат қилишди (амалиёт шуни кўрсатадики, бу манбаларни ғарбпараст ОАВ ўйлаб топади), улар менинг суиқасдни тайёрлашда иштирок этганимни эълон қилишди. Ўшанда айтгандим, ҳозир ҳам айтаман: агар буни тайёрлаганимда, ишни ўша куни тугатган бўлардим. Мен ҳақимда бундай ёмон фикрда бўлмаслигингиз керак.

Менимча, ушбу воқеани чуқур ўрганиш билан бирга, бу ҳодисалар устида ишлаётган терговчиларга нисбатан ҳам расмий текширув зарур. Ишончим комилки, бу шов-шувларнинг барчаси ичкаридан, маълум бир гуруҳ томонидан ўзларининг узоққа чўзилган саҳна ортидаги ўйинлари учун фойдаланилмоқда.

Қандай бўлмасин, мен барча манфаатдорларга чечен изларини ҳар қандай ҳийла-найрангларга жалб қилмасликни қатъий маслаҳат бераман. Мен чечен сифатида Ўзбекистонда таъсир ўтказиш учун ҳеч нарса қилишим шарт эмас”.

Қодировнинг фикрича, кимдир яхши жамоани бузишга, тизимни бузишга ҳаракат қилмоқда. Қодировга кўра, бу мамлакат раҳбариятига таҳдид соладиган пухта ўйланган сценарий бўлиб, Президентни ишончли одамлардан маҳрум қилиш учун биринчи навбатда раҳбариятга содиқ шахслар ҳужумга учрамоқда. 

“Содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаган инсон сифатида ҳурматли Президент оиласи вакилларини баёнот билан чиқишга ва бу ифлос гап-сўзларга барҳам беришга чақираман. Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбонлар ролини ўйнамасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул, акс ҳолда сиз барча интригалар, туҳматлар ва тахминлар учун жавоб беришингиз керак бўлади. Ва энди мен анъаналаримизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман”.

Сезаётганингиздек Рамзан Қодиров нафақат Ўзбекистон раҳбаридан баёнот сўраяпти, балки мамлакат ички ишларига, тергов жараёнларига аралашиб, Алламжонов ва Лини аниқ сценарий асосида ҳаракат қилаётганликда айбламоқда ва очиқдан очиқ таҳдид қилмоқда. Ўзбекистон томони эса Қодировнинг бу иш бўйича навбатдаги чиқишига ҳам жавоб қилгани йўқ. Аслида Ўзбекистон ичидаги бирор оммавий ахборот воситаси Алламжонов ва Лига суиқасдда Қодиров ҳақида бирор ахборот эълон қилиб, унинг ёқасидан олган жойи йўқ. Қодировнинг ўзи ўзи ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ гапириб, эътибор марказида бўлиб турибди. 

Алламжоновга суиқасдга келсак, у Ўзбекистонда нафақат йилнинг, мустақил Ўзбекистон тарихининг сўнгги 35 йиллигининг энг шов-шувли воқеалари қаторидан ўрин олмоқда. Айниқса, бу суиқасдга уриниш муҳим сиёсий жараён, парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловдан бир кун аввал содир этилгани, бу ҳақда аввалига миқ этилмагани ва воқеалар фонида ДХХ раиси дохил кўплаб амалдорлар лавозимидан озод этилгани унинг аҳамияти ва жиддиятини янада оттирди. 

Ҳа дарвоқе, Рамзан Қодиров Алламжоновга суиқасд иши борасида қанча иддаолар қилишга уринмасин, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари халқаро оммавий ахборот воситаларида берилаётган фактларни тасдиқлаб, тугаётган ҳафтада икки россиялик чечен  Бислан Расаев ва Шамиль Темирханов қидирувга берилганини эълон қилди. 

Унга кўра, Бош прокуратура томонидан Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида Россия Федерацияси фуқаролари Бислан Расаев ва Шамиль Темирхановлар қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи каби жиноий ҳаракатларни содир этганликлари аниқланган.

Қайд этилишича, Расаев ва Темирханов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган.

Ақтаудаги ҳалокат

25 декабрь куни Озарбайжоннинг Бакудан Грознийга йўлга чиққан Embraer 190 йўловчи самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида ҳалокатга учраши бутун МДҲ давлатлари, жумладан Туркияда катта хавотир уйғотди. 

Самолёт бортида 67 киши бўлган. Улардан 38 нафари, жумладан икки экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Қурбонларнинг 7 нафари Россия, яна олти нафари Қозоғистон ва 25 нафари Озарбайжон фуқаролари бўлган.

Ўз учоғи билан МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитига – Санкт Петербургга отланган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳалокат дарагини эшитиши билан ҳаводан ортга – Бакуга қайтди ва ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича комиссия тузишни буюрди.

Ҳодиса юзасидан Озарбайжонда, шу билан бирга Қозоғистонда ҳам жиноят иши қўзғатилди. Ҳалокатга сабаб турли версиялар орасида дастлаб янграгани қушлар галасининг самолётга урилгани ва шундан сўнг самолётнинг руль бошқарувини йўқотгани эди. Бироқ кейин жиддийроқ тахминлар ўртага ташланди. Бунга учоқнинг портламай қолган дум қисмидаги ўқ изларига ўхшаш шубҳали тешиклар борлиги сабаб бўлди. Омон қолган рейс йўловчиларига кўра, самолётда кислород баллони ҳам портлаб кетган ва бортдагилар ҳушини йўқотган. 26 декабрь куни эса Euronews нашри озарбайжонлик амалдорларга таяниб, ўта жиддий версияни эълон қилди. Унга кўра, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлган. Ушбу ракета Грозний осмонида самолёт бор пайтда учирилган ва унинг парчалари ҳаво кемаси яқинида портлаб, унга шикаст етказган. Самолёт экипажи фавқулодда қўниш учун Россия аэропортларига мурожаат қилган, аммо уларга рухсат берилмаган. Шундан сўнг ҳаво кемаси капитани учоқни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳридаги аэропртга қўндиришга қарор қилган. Камига самолёт Каспий денгизи устидан учиб ўтганида унинг GPS навигация тизими ҳам ишламай қолган. Ҳалокатдан сўнг унинг қора қутиси топилган ва овоз ёзувларини дешифрлаш учун терговчиларга берилган.

“AnewZ” нашри ҳам Озарбайжон ҳукуматига таяниб, самолёт Панцирь-С ҳаво мудофаа тизимидан ракета сабаб қулаганини эълон қилган. Россия томони манбаларига кўра эса ҳалокат содир бўлган вақтда Чеченистон ҳудуди устида Россия ҳаво мудофаа кучлари Украина дронларини йўқ қилиш билан банд бўлган. Чеченистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Хамзат Қодиров ҳам Грозний устида 25 декабрь куни эрталаб дрон ҳужуми бўлганини тасдиқлаган, аммо ҳеч қандай қурбонлар ёки зарар қайд этилмаганини айтган. 27 декабрга келибгина ҳалокат сабаби бўйича Azerbeijan Airlines томонида илк расмий хабар эълон қилинди. Унга кўра, Ақтау яқинидаги Embraer 190 самолёти ҳалокатига ташқи жисмоний ва техник таъсирлар сабаб бўлган. Авиакомпаниянинг аниқлик киритишича, бу версия Ақтау яқинидаги авиаҳалокат бўйича расмий тергов пайтида пайдо бўлган.

Воқеалар фонида Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтиб чиқди.

Мусабековнинг сўзларига кўра, Россия вазиятга нисбатан адекват муносабатда бўлиш ва узр сўраш ўрнига, ўз изларини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида муайян ҳаракатлар қилмоқда. Унга кўра, буни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши, одамларнинг ўлими учун товон тўланиши керак. Йўқса, муносабатлар, албатта, бошқа савияга ўтади.

Бунга жавобан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли самолётнинг ҳалокатига баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини маълум қилди.

Azerbaijan Airlines авиакомпанияси ҳалокатдан сўнг Россиянинг 10 та шаҳрига парвозларни тўхтатиб қўйди. Azerbaijan Airlines бу қарорни хавфсизлик сабабли қабул қилганини, Embraer 190 самолёти аварияси бўйича дастлабки тергов якунлангунга қадар парвозлар қайта бошланмаслигини қайд этган. Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича эса суриштирув-тергов ишлари давом этмоқда.

АҚШдаги маълумотларга кўра, дастлабки белгилар самолёт Россия ҳаво мудофаа тизими таъсирида қулагани эҳтимолини кўрсатмоқда. АҚШда бу бўйича тегишли разведка маълумотлари мавжуд.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60,2 млрд долларни ташкил этмоқда

Қарз олиш яхши. Ростан яхши. Ўйламай сарфлайсиз. Аммо оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним, деб бежиз айтмаган халқ. Йил якунига келиб Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 60,2 млрд долларни ташкил этмоқда. Ўйламанг бу яна йил якунидаги ҳисобот деб. Бу рақам январь-сентябрь ойларига тегишли. Қарз миқдори эса ўтган уч ойда яна ошган бўлиши мумкин. Умумий 60,2 млрдлик ташқи қарздан давлат ташқи қарзи қарийб 32,5 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 27,7 млрд долларга тенг бўлмоқда. 

Шунингдек, 2024 йилнинг 9 ойида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга қисқариб, 3,4 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 4,3 фоизни ташкил қилган. Бунга савдо баланси манфий сальдоси ўсиш суръатининг ўтган йилдагига нисбатан пастроқ шаклланиши билан бирга мамлакатга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши таъсир кўрсатган. 

9 ойда халқаро захира активларимизнинг хорижий валютадаги қисми 678 млн долларга қисқарган. Лекин Марказий банкнинг айтишича, бунга кўз-ёш қилиш шартмас, олтин жаҳон нархининг юқори суръатларда ўсиши натижасида халқаро захиралар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан қарийб 6,6 млрд долларга кўпайиб, 2024 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 41,1 млрд долларни ташкил қилганмиш. 

9 ой якунига кўра, тўлов балансида акс этган амалиётлар ва нооперациявий ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқеи жорий йил бошига нисбатан 29 фоизга мустаҳкамланиб, 2024 йил 1 октябрь ҳолатига 16,3 млрд долларга етибди. 

Энди эса ўтган йилдаги ҳисоботларга бир кўз югиртирсак. 2024 йилнинг 1 январида давлат қарзи 34,9 млрд долларни ташкил этган. Шундан 29,6 млрд доллар ташқи қарз, 5,3 млрд ички қарз. Кўриш мумкинки, ташқи қарз 9 ой ичида 2,9 млрд долларга ошган. 

Шу ўринда 2024 йилнинг биринчи ҳафтасида АҚШ долларининг сўмга нисбатан Марказий банк томонидан ўрнатилган қиймати 12 355 сўм 16 тийинни ташкил этган бўлса, йил 1 АҚШ доллари учун 12904 сўм 91 тийинлик миқдор билан якунланяпти. Ўртадаги бир йиллик фарқ эса 549 сўм 75 тийин. 

Ўзбекистон жанговар салоҳиятини ошириб, асосий эътиборни дронларга қаратмоқда

Ўзбекистон жанговар салоҳиятини ошириб, унда асосий эътиборни дронларга қаратмоқда. 2024 йилда Ўзбекистонда жанговар шайлик тадбирлари ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлиги оширилди. 

Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 24 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида айтилишича, қўшинларда оператив тайёргарлик тадбирлари ҳамкорликдаги куч тузилмаларини кенг жалб қилган ҳолда ташкил этилган. АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган.

“Ўқувларда асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланилаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга, уларга қарши курашиш ва бошқарув маҳоратини оширишга, стратегик, оператив ва оператив-тактик бўғинларда бўлинмалар томонидан янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилишига қаратилган”, дейилади Сенат сайтида эълон қилинган мажлис баёнотида.

Қолаверса, 2024 йилда жанговар мутахассислик бўйича Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистондан келган ҳарбий хизматчилар ўқитилган.

Сенат ахборотида Қуролли кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича белгилаб берилган вазифаларини сўзсиз ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлигида самарали ишлар олиб борилган дейилгану, аммо бу қандай ишлар эканига аниқлик киритилмаган. Ва ўша самарали ишлар натижасида Қуролли кучларнинг жанговар салоҳияти юқори даражага кўтарилгани айтилган. 

Миллий армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини оширишда асосан замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари қўшинларга татбиқ этилган.

Татаристонда 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Россиянинг Татаристон Республикаси Малореченский қишлоғида ёнғин оқибатида олти эркак ҳалок бўлди. Уларнинг 5 нафари Ўзбекистон фуқароси.

Қайд этилишича, қишлоқдаги чорвачилик комплекси ҳудудида ишчилар вақтинча яшаши учун мўлжалланган уй ёниб кетган. Бинода жами 39 киши бўлган. Улардан 33 нафари ёнғин ҳудудидан қочиб чиқишга улгурган, бир киши эса жароҳат олган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғиннинг келиб чиқишига электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган. 

Ушбу ҳодиса ортидан Россиянинг Удмуртия Республикаси собиқ қишлоқ хўжалиги вазирининг қизи Елена Собинага нисбатан мигрант ишчилар яшаган ётоқхонада юз берган ёнғин сабаб “хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш”, “совуққонлик”, “ноқонуний миграцияни ташкил қилиш” ва “ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш” моддалари билан жиноий иш очилган. Лекин Елена айбига иқрор бўлмаган.

Суд ҳукми билан у 2025 йилнинг 24 февралига қадар уй қамоғига олинган. Унинг адвокати Раҳим Байрамовга кўра, ҳалок бўлганларнинг уч нафар яқинига 1,5 миллион рубль миқдорида компенсация тўланган (фақат битта киши расмий равишда жабрланувчи деб тан олинган). Қолганларга эса Ғарб санкциялари туфайли ҳали банк орқали пул ўтказмалари амалга оширилмаган. Адвокатнинг қўшимча қилишича, Собина ўз хоҳиши билан терговчиларга мурожаат қилган. 

Терговнинг дастлабки версиясига кўра, 2023 йилда фермер хўжалиги раҳбари ишчиларни жойлаштириш учун қишлоқдаги нотурар бинони ижарага олган. Шу билан бирга ферма бош директори бинони нормал ҳолатда ишлатиш учун зарур шароитларни таъминлаши, фермер хўжалиги раҳбари эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши керак бўлган. Аммо бу талабларнинг ҳеч бири бажарилмаган. Хусусан, объектда туну кун навбатчилик ташкил этилмагани, автоматик ёнғин сигнализацияси тизими, хабардор қилиш ва эвакуацияни бошқариш тизимлари мавжуд бўлмагани аниқланган.

Кейинроқ Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консулхонаси фожиада ўзбекистонликлар вафот этганини тасдиқлаб, бешовлоннинг ёши 48, 59, 54, 29 ва 22 да бўлганини очиқлади. 

Ҳолат Бош консулхона назоратига олиниб, тезкор равишда консулхона дипломатлари воқеа жойига сафарбар этилган ва ваколатли органлар билан зарур ишларни, хусусан марҳумларнинг шахсга аниқлик киритиш тадбирлари олиб борилиб, уларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш ишларини ташкил этишга қаратилган чоралар кўрилаётгани билдирилди. 

Шу ўринда тан олиш керакки, Россияда ўзбекистонликлар нафақат ўлмоқда, балки ўлдирмоқда. Шу ҳафта Россиянинг Калининград вилоятида уч кишини ўлдиришда айбланган ўзбекистонликларга суд ҳукми ўқилди. 

Нашрнинг ёзишича, 2022 йил декабрь ойида икки ўзбекистонлик Калининград вилояти Гурьев тумани Невское қишлоғида яшовчи фуқарони талон-торож қилишга уринган. Бунинг учун улар миграция ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам бериш баҳонасида унинг уйига кирган.

Ўзбекистонликлардан бири 58 ёшли уй эгасини пичоқлаб, унинг 81 ёшли онаси ва уйда бўлган 55 ёшли маҳаллий фуқарони ўлдирган. Улар уйдан 65 минг рублни ўғирлаб, қочиб кетган. Улар Россия Жиноят кодексининг 162-моддаси 4-қисм “в” банди (босқинчилик) ва 105-моддаси “а” ва “з” бандлари (босқинчилик билан боғлиқ ҳолда учтагача одамни қасддан ўлдириш) билан айбдор деб топилган.

Суд ўзбекистонликларнинг бирига 23 йил, иккинчисига эса 17 йилга қамоқ жазоси тайинлаган ва жазони қатъий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Шунингдек, Россиянинг Москва шаҳри суди жорий йилнинг ёзида “Матч ТВ” журналистини зўрлаган уч нафар Ўзбекистон фуқаросига ҳукм эълон қилди. Айбланувчилардан иккиси 9 йиллик, учинчиси эса 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўташи белгиланган.

Воқеа жорий йил 6 июлга ўтар кечаси содир бўлган. Ўзбекистон фуқаролари спиртли ичимлик таъсирида иш жойидан чиқиб кетаётган “Матч ТВ” ходимига тажовуз қилган. Тергов икки гумондор аёлни зўрлаган, учинчи шахс эса кузатувда бўлган, деб ҳисоблаган. 8 июль куни 

дастлабки суд мажлиси бўлиб ўтган ва учала гумондор Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми (Гуруҳ томонидан содир этилган зўрлаш) бўйича айбланиб, қамоққа олинган.

Гап очилганда айтиб ўтиш ўринлики, тугаётган йил Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган муҳожирлар, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан келганлар учун энг оғир йиллардан бири бўлиб қолмоқда. “Крокус ситй ҳолл”да содир этилган теракт ортидан мигрантларга нисбатан бошланган ола қарашлар, ҳатто, парламентда қатор чекловларнинг ўрнатилишигача олиб келди. 2025 йилда меҳнат муҳожирларини патент нархининг ошиши кутмоқда. 

Санкт-Петербургдаги уйдан ўзбекистонлик аёлнинг жасади бўлган сумка топилди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги уйлардан бирининг ертўласидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади бўлган сумка топилди. Гарчи воқеа жорий йилнинг 9 декабрь куни содир бўлган бўлса-да, унинг иси шу ҳафта чиқди.

Питернинг Седова кўчасидаги 70-уйнинг хонадонида жанжал пайтида йигит қизни бўғиб ўлдирган, сўнг унинг жасадини йўл сумкасига солиб, уни олиб кетган. Шундан сўнг, жасадни Олга Бергголц кўчасидаги уйнинг “подвал”ида тупроқ билан кўмиб ташлаган.

Жасаднинг шахсига аниқлик киритилганда, у 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган. Аёл ноябрь ойи бошида 24 ёшли дугонаси билан ишлаш учун Санкт-Петербургга келган.

Қотил деб тахмин қилинган шахс жиноят содир этилган куннинг эртасига Санкт-Петербургдан учиб кетган.

Марҳум аёлнинг укаси Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига 31 ёшли опаси алоқага чиқмай қўйгани тўғрисида ариза билан мурожаат қилгач, қотиллик содир этилгани аниқланган.

Президент Мирзиёев ЕОИИ саммитида қатнашди

Ўзбекистон Президенти 25-26 декабрь кунлари МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ва Евросиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга борди. Гарчи ЕОИИ саммитига раислик Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг гарданида бўлса ҳам Пашинян Санкт-Петербургга келмади, унда онлайн тарзда иштирок этди. Буни эса коронавирус ташхиси қўйилгани билан изоҳлади. Тахминлар эса Пашиняннинг сўнгги вақтлар бутун Россиядан узоқ туришга уринаётгани, Россия бош ташкилотлардаги иштирокини қисқартираётгани билан боғланмоқда. 

Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Беларусдан Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, шунингдек, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Эрон Ислом Республикаси Саноат, конлар ва савдо вазири Саид Муҳаммад Отабак ҳам қатнашди. Ва ушбу йиғин Лукашенко ҳамда Пашиняннинг даҳанаки жанги билан ёдда қолди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Мирзиёевнинг ушбу йиғилишда маълум қилишича, Ўзбекистон келгуси йилда Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқда. Бизнесни янада фаол жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишини 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Ана энди навбат келди Лукашенко ва Пашиняннинг жанжалига. Хуллас, Лукашенко нутқида ЕОИИнинг кейинги саммитини 2025 йилнинг май ойи охирида Минскда ўтказишни таклиф қилди, лекин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Минскдаги саммитга ҳам бормаслигини айтди. 

“Агар кузатувчилар бизнинг иттифоқимизга қизиқиш билдирса, мен улардан телевизор орқали биз билан қандай ҳамкорлик қилишларини айтмасдан йиғилишларда қатнашишларини сўраган бўлардим. Никол Пашинян, бу сизга тегишли эмас, биламизки, сиз нафақат соқолингизни олдиргансиз, балки бироз касал бўлиб қолгансиз. Шунинг учун биз сизни иттифоқимизнинг янги аъзоси сифатида қабул қиламиз, ҳеч бўлмаганда ташқи кўринишда“, деган Лукашенко.

Бунга жавобан Пашинян Минскда Арманистон делегацияси бўлмаслигини айтган.

“Муаммо нимада? Арманистон Минскдан узоқми ёки сизни келтирадиган ҳеч ким йўқми? Агар керак бўлса, делегациянгизни етказиб беришни ташкил қиламиз”,  дея жавоб қайтарган Лукашенко ва арман томонининг таклифи кўриб чиқилишини айтган.

“Нимани кўриб чиқиш керак? Сиз менинг аризамни кўриб чиқа олмайсиз, чунки менинг аризам кўриб чиқилмайди”, деб кескин жавоб қайтарган  Арманистон Бош вазири.

Шунда Арманистон Бош вазири телевизор орқали иштирок этишга рози бўлган. Лукашенко эса Минскда “телевизор бўлмаслиги” мумкинлигини таъкидлаган. Бунга Пашинян: “Ҳеч қандай муаммо йўқ”, дея жавоб қайтарган.

53 йиллик шавқатсиз Асадлар режими сиёсий саҳнадан ағдарилди

Жорий йил декабрига келиб йилнинг энг шов-шувли сиёсий воқелиги рутбасини Суриядаги воқеалар илиб кетди. Нақд 53 йиллик шавқатсиз Асадлар режими сиёсий саҳнадан ағдарилди. 13 йиллик фуқаролар уруши давомида ўз аҳолисига кимёвий қурол ишлатишдан тортиб улар учун сиғими гектарларга чўзилган оммавий қабрлар қургани айтилган ва кейинчалик ўз исботини топган халқаро жиноятчи Башар Асаднинг ҳокимиятдаги умри Россия ва Эрон қўлловисиз узоғи 10 кунга чўзилиши аён бўлди. Лекин ҳозир бу ҳақда гаплашмоқчи эмасмиз. 

Сўнгги воқеалар фонида тилга тушган Асма Асад – Башар Асаднинг рафиқаси оғир касал. Унинг яшаб кетиш эҳтимоли 50 фоиз. Жамоатчиликка тугаётган ҳафтада сиздирилган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг май ойида келинойига қон саратони ташхиси қўйилган. 

Аслида у 6 йилдирки, касалдан боши чиқмайдиган хавфли беморга айланган. Масалан, 2018 йил августда унда кўкрак бези саратони аниқланган ва у Дамашқдаги ҳарбий госпиталда даволанган.

2019 йил январь биринчи хонимдаги ўсимта олиб ташланган. Ўша йилнинг август ойида Асма Асад соғайганини эълон қилган

Ҳозир Асма Асадни қийнаётган қон саратони касаллиги суяк илиги фаолиятини зарарлайдиган тажовузкор онкологик дард ҳисобланади. “Financial Times” газетаси хабар беришича, Башар Асаднинг рафиқаси Сурияда режим қулашидан бир неча ҳафта олдин Москвада саратон касаллигининг қайталанишидан даволанишни бошлаган. Асма Асадни инфекцион касалликлар хавфи туфайли бошқа одамлар билан алоқада бўлмаслиги учун алоҳида сақлашмоқда. 

Бу орада эса Асма Асад эри Башар билан ажрашиб, Британияга кетишни хоҳлаётгани, унга Москва ёқмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Асма Асад Россия судларига мурожаат қилиб, Москвадан чиқиб кетиш учун махсус рухсат сўраган. Бироқ ариза ҳали кўриб чиқилаётгани айтилмоқда. Аммо Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми эса Асаднинг турмуш ўртоғи Асмани аслан британиялик бўлишига қарамасдан, мамлакатга киритолмаслигини айтган. Шунингдек, Асма Асаднинг Британия фуқаролиги бекор қилиниши мумкинлиги ҳам таъкидланган. Бироқ Британия Бош вазири Кир Стармер Асад режими қулаганидан кўп ўтмай, Асманинг Британия фуқаролигидан маҳрум этилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтган. Башар Асадга эса Россияда қатор жиддий чекловлар қўйилган. Асадга Москвани тарк этиши ва ҳар қандай сиёсий фаолият билан шуғулланиши қатъиян ман этилган. Бундан ташқари, Россияга 135 миллиард доллар пул билан қочиб кетгани айтилган Асадга Россия расмийлари банк активлари ва молиявий манбаларига киришни ҳам ман қилган. 

Шу ўринда Суриядаги сўнгги воқеликларга тўхталсак. Башар Асадни ҳокимиятдан қулатиб, Сурияни эгаллаган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг етакчиси, сиёсий фаолиятга киргач Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақабидан Аҳмад аш-Шаро номига ўтган Жўлоний дарҳол дипломатик этикетдан хабардор, ташқи дунёга очиқ ва маълум даражада либерал сиёсатчига айланди. 42 ёшли Жўлоний келгусида мамлакат президентига айланмаслигига ҳозирча бирон-бир айтарли асос йўқ.

Бир вақтлар уни террорчи санаганлар бугун у билан мулоқот қилиш учун навбатга турибди. Туркия Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданнинг тугаётган ҳафтада у билан учрашув ўтказиши эса диққат марказида бўлди. 

Учрашувда Жўлоний инқилобнинг бошиданоқ Туркия Сурия халқини қўллаб-қувватлаганини, бунга жавобан давлатдан бошқа ҳеч бир гуруҳ қуролга эга бўлмаслиги кераклигини айтган. Бунда гап Сурия ичидаги Туркияга доимий таҳдид қилувчи РКК/YPG (“Курдистон ишчилар партияси”/“Сурия халқ мудофаа кучлари” террористик ташкилоти) ҳақида бормоқда. Жўлоний ушбу гуруҳлар қўлида қурол бўлишини қабул қила олмаслигини билдирган.

Туркия Ташқи сиёсати раҳбари Хоқон Фидан эса Суриядаги энг оғир ва қоронғи давр ортда қолганини ва бундан яхши замонлар келишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Суриядаги барча этник, диний ва мазҳаб гуруҳлари бахтлироқ бўлади ва сурияликлар мамлакат келажагини белгилайди. У Туркия Жўлонийни ёлғиз қолдирмаслиги, турк халқи, турк давлати ва Президент Эрдўған уни доим қўллаб-қувватлашини айтган. 

Унга кўра, Сурияда барқарорликни ўрнатиш энг устувор вазифа ва бунга эришиш учун мамлакатда хавфсизликни, қонун устуворлиги ва озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш керак. Барча диний ва этник гуруҳларни қамраб олувчи инклюзив бошқарувни яратиш лозим. Ҳамма тинч-тотув яшайдиган ва адолат ҳукм сурадиган мамлакат қуриш янги Суриянинг энг катта ютуғи ва келажагининг кафолати бўлади. Суриядаги янги маъмурият ўз ваъдаларини амалга ошириш учун уларга имконият берилиши, Суриядаги аввалги режимга халқаро ҳамжамият томонидан қўйилган барча санкциялар тезда бекор қилиниши керак.

Вазир Фидан Исроил Суриядаги вазиятдан фойдаланиб, Сурия ҳудудларини босиб олиш сиёсатини давом эттираётганига ҳам эътибор қаратган. Унинг фикрича, бунга тоқат қилиб бўлмайди. У халқаро ҳамжамиятни Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш учун овоз беришга чақирган.

Аввалига Ислом дини ёрлиқлари билан майдонга кириб келган Суриянинг янги маъмурияти насронийларнинг Рождество байрамига тўғри келадиган 25-26 декабрь кунларини дам олиш куни деб эълон қилди. Ўша куни давлат идоралари ёпилди. Мамлакат ҳудудлари бўйлаб арча безатилди, йирик майдонлар Янги йилга монанд тарзда Европа давлатларидек безатилди. 

23 декабрь куни Ҳама провинцияси яқинида бир гуруҳ шахслар арчага ўт қўйгани акс этган видео интернетга тарқалди. Тахминларга кўра, булар “Ансор ат-Тавҳид” гуруҳининг аъзолари бўлган. Сурияда ҳокимиятни қўлга олган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг диний етакчиси арчага ўт қўйганлар “сурияликлар эмаслигини” айтди ва улар жазоланишига ва арча тикланишига ваъда берди.

100 дан ортиқ яраланган фаластинликлар Ўзбекистонга олиб келинди 

Тугаётган ҳафтада 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. 

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра,  26 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ва Ўзбекистон ҳамда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида 100 нафар жароҳатланган фаластинлик аёл ва болаларни, шунингдек, уларнинг ҳамроҳларини эвакуация қилиш амалиёти амалга оширилган.

Эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади. Хусусан, улар даволаниш ва соғлиқларини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади ҳамда мамлакатда бўлиш даврида барча зарур эҳтиёжлар, жумладан, меҳмонхона, тураржой, мактаблар ва озиқ-овқат билан таъминланади.

Кўрсатиладиган хизматлар қаторида мактабларнинг ҳам борлиги таажжубли. Бундан кўринадики, фаластинликларнинг Ўзбекистонда бўлиши бўйича муддат қисқа эмас. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

ҳалокат Россия МДҲ Сурия Ўзбекистон Озарбайжон Илҳом Алиев Қоҳира Комил Алламжонов Баку Арманистон суиқасд Пашинян Рамзан Қодиров Фаластин Санкт Петербург Исроил ЕОИИ Башар Асад ички ишлар Татаристон дронлар Кир Стармер Дмитрий Ли Ақтау Embraer 190 Шавкат Миромонович

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг