Кушербоев прокуратурани иккиюзламачилик қилмасликка чақирмоқда

Жамият

image
Тошкентда яна “снос”. Буни ёритишга борган журналист прокуратура ва ички ишлар ходимлари таҳдидига учради north_east

Тошкентда яна “снос”. Буни ёритишга борган журналист прокуратура ва ички ишлар ходимлари таҳдидига учради

БП Юнусобод прокуратураси ходими QALAMPIR.UZ журналисти фаолиятига тўсқинлик қилганини тасдиқлади north_east

БП Юнусобод прокуратураси ходими QALAMPIR.UZ журналисти фаолиятига тўсқинлик қилганини тасдиқлади

Фуқаро ва журналистлар қонунни бузса, қанчалик даражада  жавобгар қилинаётган бўлса, жавобгарликка торттириш ўз қўлида бўлган идоралар ҳам ўзларига келганда иккиюзламачилик қилмасликлари керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев QALAMPIR.UZ журналистининг фаолиятига тўсқинлик қилган прокуратура ходими жавобгарликка тортилмаган, узр билан қутилиб қолаётганига нисбатан билдирган муносабатида сўз очган. 

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 6 сентябрь куни QALAMPIR.UZ журналисти ва тасвирчиси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 2-мавзесидаги дўконлар биноси ноқонуний равишда бузилаётгани бўйича фуқаролар мурожаати асосида фаолият олиб бориш чоғида Юнусобод тумани прокурори сектори котиби Улуғбек Азизов қаршилигига учраган эди. Унда Азизов ОАВ ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиб, кемара хотирасидаги кадрлар ўчириб ташлашни талаб қилгани, агар ўчирилмаса, уларни ички ишлар бўлимига олиб бориш билан таҳдид қилгани, QALAMPIR.UZ жамоаси воқеа жойидан базўр қочиб қолгани ҳақида айтилган эди. 

Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилди ва ушбу воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлгани тан олинди. Бироқ Азизов узр билан қутилиб қолди. У жавобгарликка тортилмади ва бу Янги Ўзбекистонда журналистларга нисбатан таҳдид, босим, тазйиқ жавобгарликсиз қолиб кетаётганини яна бир намунаси сифатида қабул қилинмоқда. 

Депутат Расул Кушербоев мазкур воқеага муносабат билдираркан, прокуратура ходими Умид Азизов Жиноят кодексининг 206-моддаси билан жавобгарликка тортилиши кераклигини айтади. 

“Куни кеча QALAMPIR.UZ интернет нашри орқали Тошкент  шаҳрининг Юнусобод туманида суд қарорисиз бир қатор объектлар бузиб ташланаётгани ҳолати ёритилди. 

Ўз мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, қонуний тартибларга риоя қилмай фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўяётган прокуратура ва ички ишлар ходимлари жараённи ёритаётган журналистларга тўсқинлик қилишган.

Кейинчалик Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича прокуратура ходимининг журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилгани, бунинг учун ушбу ходим билан профилактик суҳбат ўтказилганини билдирган. Ички ишлар ходимларининг ҳаракатига ҳозирча баҳо берилмабди. 

Юқоридаги ҳолатлар қурилиш соҳасида қонуний тартибларга риоя қилмаслик ҳолатлари амалда давом этаётганлигини кўрсатмоқда. Аслида бундай масалалар низоли бўлганлиги сабабли суд томонидан қонуний баҳо берилиши шарт. Чунки фуқаро ҳам ўзича ҳақ, ҳокимлик ё бошқа идора ҳам.

Энди мавжуд қонунларга қарасак, прокуратура ва ички ишлар ходимларига фуқароларнинг қурилмаларини суд қарорисиз бузиш ваколати берилмаганлигини кўриш мумкин. Аксинча, ҳар қандай ҳолатда ҳам аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш уларнинг устувор вазифаси. 

Шунингдек, журналистларнинг  ўз фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қилиш, босим ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган бўлса-да, амалдаги қонунга кўра бундай ҳаракат масъул мансабдорнинг ўз мансаб ваколати доирасидан четга чиқиши саналади. Ва бу Жиноят кодексининг 206-моддаси доирасида баҳоланиши керак. 

Чунки фуқаро ва журналистлар қонунни бузса, жумладан ҳокимият вакили, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаса, қанчалик даражада жавобгар қилинаётган бўлса, жавобгарликка торттириш ўз қўлида бўлган идоралар ҳам ўзларига келганда, иккиюзламачилик қилмасликлари керак”, дейди Кушербоев.

Депутат сўзида давом этаркан, журналистлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳимоясида эканини урғулайди. 

“Давлат раҳбари шахсан "журналистлар Президент ҳимоясида" эканлигини қайта ва қайта айтиб турган вақтда ушбу ҳимоя доирасида журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик ва босим қилганлик ҳолати бўйича алоҳида жавобгарлик масаласини зудлик билан ҳал этиш зарурлиги кўринмоқда.

Афсуски бу ҳамон Ўзбекистон, шу жумладан "Янги Ўзбекистон"  қонунчилигидаги ҳам бўшлиқ сифатида қолмоқда”, дейди депутат. 

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал QALAMPIR.UZ’нинг расмий баёноти ҳам эълон қилинганди. Баёнотда ушбу масала Олий Мажлиси Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, сиёсий партиялар, журналистлар ва блогерлар жамиятини, сўз ва матбуот эркинлигига бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакиллари томонидан атрофлича муҳокама қилиниши кераклиги сўралганди. Ҳозиргача расмий идоралардан фақат Сенат баёнот билан чиқди, холос. Сўз эркинлиги ва журналистларга нисбатан таҳдидларни фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаши керак бўлган асосий ташкилотлар – АОКА, Журналистлар уюшмаси ҳамон пинакда.  


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг