Кушербоев Ортиқхўжаевдан юз ўгириши мумкин бўлган депутатларни масъулият билан қарор чиқазишга чақирди
Жамият
−
21 Январь 2023
31452Тошкентнинг ҳокими вазифасини бажараётган Бахтиёр Раҳмонов депутатларни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясига чақириш ҳақида қарор қабул қилди. Қарор юзасидан собиқ депутат Расул Кушербоев ўз муносабатини билдирди.
Кушербоевга кўра, депутатлар ихтиёрига Тошкент шаҳар ҳокимининг шаҳарни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ҳолати, 2022 йилги давлат дастури ижроси, маҳаллий бюджетнинг 2023 йилдаги қўшимча манбаларини ҳаражатларга йўналтириш ҳақидаги масалалар билан бирга очиқланмаган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши таклиф этилган.
“Катта эҳтимол билан кун тартибидаги бошқа масалалар қисмида депутатлар собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Кенгаш раислиги, депутатлиги ва дахлсизлиги масалаларини кўриб чиқишади. Депутатлардан соғлом ақл ва масъулият билан қарор қилишларини кутиб қоламиз”, дейди собиқ депутат.
Маълумот учун, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 77-сессияси янги Тошкент шаҳар ҳокими Бахтиёр Раҳмонов иштирокида жорий йилнинг 27 январь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганидан сўнг шаҳар ривожига қўшган ҳиссаси ва ёрдами учун миннатдорлик билдирган эди. Лекин кўп ўтмай бу хабар ўчириб ташланди. Шундан сўнг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Тошпўлат Матибоев Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши Ортиқхўжаевга мурожаатнома эълон қилганини инкор этиб, баёнот берди.
Аввалроқ, “Расул Кушербоев Тошкентга ҳоким бўлиши мумкинми?” дея берилган саволга Кушербоев агар унга ҳоким бўлиш таклиф қилинса, у буни ўйлаб кўриши мумкинлигини айтган эди. Лекин ундан аввал ҳокимиятларда фақат қонуний, виждонли ва тўғри маънода бир гуруҳ шахсларнинг эмас, одамларнинг, халқнинг манфаати йўлида ишлашга имкон берадиган шароит яратилиши кераклигини маълум қилган.
Озода Чориева
LiveБарчаси