Курск АЭС яқинида дрон қулаши ортидан ёнғин бошланди
Олам
−
04 Октябрь
4753Кеча, 3 октябрь куни Россиядаги Курск вилоятининг Курчатов шаҳри ҳудудида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Вилоят губернатори Алексей Смирнов маълум қилди.
Унинг айтишича, бу ҳолат дрон ҳалокати оқибатида содир бўлган. Дрон Курск атом электр станциясидан беш километр узоқликда қулаган, портлашлар Курск АЭСга алоқаси бўлмаган бинода содир бўлган. Ҳалок бўлганлар ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
“Росатом” матбуот хизмати АЭС нормал ишлаётганини, объектдаги радиация фони нормал чегараларда эканини маълум қилди.
“Маш” ва “Шот” Telegram-каналлари ёнғин содир бўлган жойдан кадрларни эълон қилиб, Украина Қуролли кучларини Курск атом электр станциясига дрон ва ракеталар билан ҳужум қилишга уринганликда айблади. Бироқ Украина томони воқеага алоқадорлигини рад этди.
“Руслар Курчатовда қандайдир оловни кўрсатмоқда ва видеода ерда портлаш содир бўлмоқда. Атом электр станцияларини ўққа тутишнинг бунга нима алоқаси бор? У бироз узоқда”, деди Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко.
Украинанинг Курск атом электр станциясига зарба бергани ҳақидаги хабарларни Украина Ташқи ишлар вазирлиги воизи Георгий Тихи ҳам ўзининг Telegram-каналида рад этди.
Курск АЭС – Россиядаги энг йирик электр станцияларидан бири. У тўртта қувват блокидан иборат. Ҳозир улардан фақат биттаси тўлиқ ишга туширилган, яна иккитаси генерациясиз, тўртинчисида эса режали таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Курск атом электр станцияси Чернобилдаги каби бир хил турдаги реакторга эга, аммо унинг устида махсус гумбаз йўқ, бу АЭСни "жуда ҳимоясиз" қилади.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гроссининг сўзларига кўра, агар снаряд тегса ёки “ушбу реактор ядросига қандайдир ташқи таъсир бўлса, ядровий ҳодиса, эҳтимол радиация чиқиши билан юз бериши мумкин.
Маълумот учун, Украина Қуролли кучлари 6 август куни Россия Федерациясининг Курск вилояти ҳудудига ҳужум бошлади. Украина Президенти Владимир Зеленский операцияни Россия ҳудудида “буфер зона” яратиш зарурати билан изоҳлади. Расмий Киевга кўра, Украина Қуролли Кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми рус қўшинларининг режалаштирилган ҳужум операцияларини тўхтатди.
9 августдан Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилган. Шу билан бирга, Киев Курск вилояти аҳолисига гуманитар ёрдам етказилиши ва Украина ва Россия Федерациясига эвакуация қилиниши ҳақида бир неча бор эълон қилган. Сентябрь ойида Россия Қуролли кучлари минтақада қарши ҳужумни бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь