Курьер билан жанжалдан сўнг Brasserie ресторанининг ёзги майдончаси бузилди (видео)
3-саҳифа
−
10:36 3363 1 дақиқа
Тошкентдаги “Мовий гумбазлар” хиёбонида жойлашган Brasserie ресторанининг ёзги майдончасида қонунбузилишлар аниқланиб, ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ресторан ходимининг ҳудудга скутерда кириб келган 17 ёшли курьер билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалган эди. Унда ходим курьерни ҳақорат қилиб, унинг ресторанга кириб келиши хўрандаларга халақит бераётганини айтган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, фойдаланувчиларнинг эътирозларига олиб келди.
Тарқалган видеолар ортидан кеча, 18 октябрь куни эса “Мовий гумбазлар” хиёбонидаги ресторан ёзги майдончасидан фойдаланиш ҳолати текширилди. Ҳокимлик маълумотига кўра, текширув давомида ҳудуддан фойдаланиш қоидабузарликлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Қайд этилишича, текширув пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш ва жамоат ҳудудларидан фойдаланиш талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида ўтказилган. Ҳокимлик ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтирилганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ курьерни ҳақоратлаган ходим жазолангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси