Кунде “Барса” футболчиси. Қарзга ботган клуб трансферлар учун пулни қаердан олмоқда?
Спорт
−
29 Июль 2022
3682Франция терма жамоаси ва “Севилья” клуби футболчиси Жюль Кунде расман “Барселона”га ўтди. Бу ҳақда Каталония клуби матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, Кунде “кўк анорранглилар” учун тиббий кўрикдан ўтиб бўлган. “Барселона” франциялик футболчи учун Андалусия клубига 50 миллион евро тўлайди. Шунингдек, “Севилья” яна 5 миллион евро бонус олиши ҳам мумкин.
Кундега солиқлардан ташқари йилига 6 миллион евро маош тўланиши ва шартнома беш мавсумга мўлжалланганлиги ҳақида маълумот берилган.
Қайд этиш керакки, “Барселона” ёзги трансфер ойнасининг энг фаол клубларидан бири бўлмоқда. “Кўк анорранглилар” ушбу ёзда Кундедан ташқари, Роберт Левандовски ва Рафинья учун 100 миллион евродан кўпроқ пул сарфлади. Қолаверса, Франк Кессе ва Андреас Кристенсен эркин агент мақомида “Барса” таркибига келиб қўшилди.
Бир қарашда “Барселона”да ҳаммаси жойидадек туйилмоқда. Аммо унутмаслик керак, Каталония клубидаги молиявий инқироз бартараф этилгани йўқ. Жамоада 1,4 миллиард евролик қарз йиғилиб қолган. “Барса” ушбу ёзда амалга оширган трансферлари учун пулни келажакдан олди деса ҳам бўлади. Яъни, клуб телевизион ҳуқуқларнинг 10 фоизини 20 йилга Америка Қўшма Штатларининг “Sixth Street” сармоявий компаниясига сотди. Орадан бироз вақт ўтиб, худди шу компания “Барселона” ТВ ҳуқуқларининг яна 20 фоизи учун 400 миллион евродан кўпроқ пул тўлади. Бу дегани Каталония клуби трансляциялардан келадиган даромадларнинг 30 фоизидан 20 йилга айрилди. Хави ва Лопарта тузаётган жамоа натижа кўрсатишни бошласа, юқоридаги битим жамоа манфаатларига унчалик таъсир қилмаслиги мумкин. Акс ҳолда, “кўк анорранглилар” ҳозиргидан ҳам ёмонроқ молиявий тушкунликка йўлиқиши мумкин.
Шунингдек, ёздаги катта “shopping”лар туфайли “Барселона” таркибидаги футболчиларнинг бир-иккитасидан қутулиши зарур. Молиявий фейр-плей қоидаларга кўра, “кўк анорранглилар” янги футболчилар Испания Ла Лигаси учун рўйхатдан ўтказа олмаслиги мумкин. Сабаби каталонияликлар трансферлар учун 150 миллион евродан кўпроқ пул сарфлаб ўзлари эса футболчиларни сотишдан бир чақа ҳам ишламади. Албатта, бу ҳолат молиявий баланснинг бузилишига олиб келади. Буни Испания клуби раҳбарияти ҳам яхши тушунади. Шунинг учун, улар Френки де Йонгни сотувга қўйишди. Аксига олиб, нидерландиялик ярим ҳимоячи “Барса”дан кетмаслик учун оёқ тираб туриб олган. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, “Барса” трансфер ойнаси ёпилгунга қадар Френкини сотишнинг йўлини топиши шарт. Аск ҳолда, янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишда муаммолар пайдо бўлиши ҳеч гапмас.
LiveБарчаси