Крокус теракти Россияга нисбатан нафратни ифода этяпти – Патрушев
Олам
−
16 Апрель
8780“Крокус Сити Ҳолл”даги теракт Россияга нисбатан ғайриинсонийлик ва қаттиқ нафратнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Архангелскда ўтган Россиянинг шимоли-ғарбий қисмида хавфсизлик масалалари бўйича йиғилишда сўз очди.
“Мамлакатимизга нисбатан ғайриинсонийлик, шафқатсиз нафратнинг ёрқин намунаси 22 март куни “Крокус Сити Ҳолл” да содир бўлган ва кўплаб қурбонларга олиб келган терактдир”, дейди у.
Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа қурбонлари сони 144 нафарга етган, 551 киши жароҳат олган. Украина чегараси томон қочишга уринган терактнинг тўрт нафар жиноятчиси қўлга олиниб, қамоққа олинган. Ҳужумчиларнинг шериклари экани тахмин қилинган етти киши ҳам ушланган.
Маҳаллий матбуотнинг Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевга таяниб ёзишича, тергов “Крокус Сити Ҳолл”даги терактнинг бевосита айбдорлари ва украиналик миллатчилар ўртасидаги алоқани тасдиқлади ва процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаган.
“Текширув давомида ушбу терактнинг бевосита ижрочилари ва украиналик миллатчилар ўртасидаги алоқалар тасдиқланди ва процессуал жиҳатдан ўрнатилди”, дейди у.
Патрушевга кўра, “Крокус Сити Ҳолл”даги терактнинг барча ташкилотчилари ва ижрочилари, уларнинг шериклари ва улар билан алоқадор бўлган бошқа шахслар қаерда яширинган бўлишидан қатъи назар, муносиб жазога тортилади.
“Ушбу даҳшатли қонли терактнинг айбдорлари, шериклари, ташкилотчилари, бошқа алоқадор шахслар, қаерда яширинган бўлишидан қатъи назар, жиноят изларини қандай чалғитишга уринмасин, муносиб жазога тортилади”, дейди Патрушев.
Маълумот учун, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”нинг концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар отишма бошлаган, кейин эса ўт қўйган. ИШИДнинг "Вилоят Хуросон" номли ячейкаси ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Россия расмийлари теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда. ФХХ дастлаб терактга алоқадорликда гумон қилинган 11 кишини қўлга олганини маълум қилди. Ҳибсга олинганлардан тўрт нафари Тожикистон фуқароси ҳақида хабар берилди. ФХХ 31 март куни Доғистонда теракт тайёрлашда гумон қилинган тўрт нафар хорижликни қўлга олди. Ҳибсга олинганлардан бири теракт иштирокчиларига қурол ва пул берганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва суди "Крокус" концерт залига ҳужум қилишда айбланган яна бир Тожикистон фуқароси Ёқубжон Юсуфзодани ҳибсга олганди. Кейинчалик ФХХ ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида терактга алоқадорликда гумон қилинган уч нафар шахсни қўлга олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь