Москва теракти: Яна бир тожикистонлик ушланди
Олам
−
01 Апрель
23257Москва суди "Крокус" концерт залига ҳужум қилишда айбланган яна бир Тожикистон фуқароси Ёқубжон Юсуфзодани ҳибсга олди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Суд Тергов қўмитасининг илтимосномасини қаноатлантириб, Юсуфзодага нисбатан 22 майга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчи терактдан бир неча кун олдин гумонланувчиларни тураржой билан таъминлаш учун уларга банк картасидан пул ўтказиб берган. Жиноят содир этилганидан кейин ҳам у маблағнинг бир қисмини "террорчиларнинг ҳисоб рақамига йўналтирган".
"Юсуфзода Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси (бир гуруҳ шахслар томонидан инсон ўлимига олиб келувчи террорчилик ҳаракати содир этиш) 3-қисми "б" банди билан айбланмоқда. Уни умрбод қамоқ жазоси кутяпти", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужум уюштиришда гумонланаётганларни пул ва қурол-яроғ билан таъминлаган хорижий фуқаролардан иборат гуруҳ аъзолари қўлга олинганди.