“Крокус” теракти бўйича айрим гумонланувчилар айбига иқрор бўлди – ОАВ

Олам

image

Аввалроқ, Москва шаҳридаги Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт бўйича жиноий ишнинг мазмун-моҳиятини кўриб чиқишни бошлагани хабар қилинганди. Прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттиргач, терактни содир этган тўрт нафар гумонланувчидан уч нафари ўз айбларига тўлиқ, яна бири қисман иқрор бўлди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Суд бошланганидан кўп ўтмай, прокурор талабига биноан суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилди. Прокурор суд мажлиси иштирокчиларига нисбатан реал таҳдид мавжудлигини, бу эса ишни очиқ режимда кўриб чиқишни имконсизлигини таъкидлади.

Ишда 19 нафар судланучи бор, улар орасида терактнинг бевосита иштирокчилари ҳам, уларнинг шериклари ҳам мавжуд: Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов, Саидакрам Муродали Рачабализода, Умиджон Солиев, Мустаким Солиев, Шаҳромжон Гадоев, Зубайдул Зубайдул, К. Шарифзода, Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода, Назримад Лутфуллои, Жумахон Қурбонов, Ҳусайн Медов, Жаброил Ауше, Алишер Қосимов, шунингдек, Исроил, Диловар ва Аминжон Исломовлар. Уларнинг барчаси Россия Федерациясидаги террорчилар рўйхатига киритилган.

Терговнинг фикрича, терактнинг бевосита ижрочилари Тожикистон фуқаролари Шамсидин Фаридуни, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакрам Муродали Рачабализода бўлган. Иккинчиси, айблов хулосасидан сўнг, ўзининг айбини қисман тан олганини – террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этганини айтди. Бироқ у теракт содир этиш айбловига қўшилмаган. Шу билан бугунги суд тугади.

Қолган 15 киши теракт ижрочиларининг шериклари экани айтилмоқда. Улар террорчилик фаолиятини логистика, молиялаштириш, қурол-яроғ ўтказиш ва бошқа ёрдамларда айбланмоқда. Суд мажлислари ҳафтада уч марта ўтказилади. Кейинги кўриб чиқишда фақат суд жараёнининг бевосита иштирокчилари иштирок этишлари мумкин, матбуот ва тингловчиларга кириш имконияти чекланади.

Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум 2024 йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 149 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.

Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.

“Коммерсанть”нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Тергов қўмитаси “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида 2024 йилнинг 22 март куни содир этилган террорчилик ҳужуми юзасидан терговни якунлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Крокус Сити Ҳолл Далержон Мирзоев Муҳаммадсобир Файзов ҳарбий суд Шамсидин Фаридуни Саидакрам Муродали Рачабализода

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг