“Крокус” теракти бўйича дастлабки суд бошланди

Олам

image

Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида 149 кишининг ўлимига сабаб бўлган терактнинг 19 нафар судланувчиси ва уларнинг шерикларига нисбатан жиноят иши бўйича дастлабки суд мажлисини ёпиқ эшиклар ортида ўтказади. Бу ҳақда ТАСС суд матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Суд Россия Жиноят-процессуал кодексининг 234-моддасига (дастлабки суд мажлиси ёпиқ суд мажлисида тарафлар иштирокида ёлғиз судья томонидан ўтказилади) мувофиқ ўтказилади.

Суд матбуот котиби Ирина Жирнованинг сўзларига кўра, суд жараён иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун жиддий чоралар кўради.

“Крокус”даги теракт иши уч судьядан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Иш материаллари 470 дан ортиқ жилддан иборат бўлиб, дастлабки тергов давомида тўпланган ашёвий далиллар, шунингдек, судланувчиларга нисбатан 200 дан ортиқ турли хилдаги экспертиза натижаларини ўз ичига олади.

Ишда 19 нафар судланучи бор, улар орасида терактнинг бевосита иштирокчилари ҳам, уларнинг шериклари ҳам мавжуд: Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов, Саидакрам Муродали Рачабализода, Умиджон Солиев, Мустаким Солиев, Шаҳромжон Гадоев, Зубайдул Зубайдул, К. Шарифзода, Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода, Назримад Лутфуллои, Жумахон Қурбонов, Ҳусайн Медов, Жаброил Ауше, Алишер Қосимов, шунингдек, Исроил, Диловар ва Аминжон Исломовлар. Уларнинг барчаси Россия Федерациясидаги террорчилар рўйхатига киритилган.

Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум 2024 йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 149 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

1 ноябрь куни ушбу терактда гумон қилинган яна 4 нафар шахс аниқланди. Уларнинг барчаси мамлакат таркибидаги Ингушетия Республикаси фуқаролари. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, яна икки нафари қидирувга берилган. Гумонланувчилар – Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев ва Хаваж-Багаудин Алиев Назран туманининг Сурхахи қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда рўйхатда туради. Қолган бир нафар гумонланувчи – Ботир Кулаев эса Экажево қишлоғидан экани қайд этилган. Медов (астма касали бор, 2-гуруҳ ногирони) ва Аушев ушланиб, Москвага олиб кетилган. Улар терактда иштирок этганини рад этган, бироқ қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдосига алоқадорлигини тан олган. Алиев ва Кулаев қидирувга берилган.

Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.

“Коммерсанть”нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Тергов қўмитаси “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида 2024 йилнинг 22 март куни содир этилган террорчилик ҳужуми юзасидан терговни якунлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Суд Крокус теракти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг