Криминоген вазият оғир ҳудудларда маъмурий амалиёт гуруҳлари иш бошлайди
Жамият
−
14:30
2279Ўзбекистонда криминоген вазият оғир ҳудудлардаги профилактика бўлинмаларида маъмурий амалиёт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Унга кўра, кичик инспектор меҳнат мигрантлари, мактаб битирувчилари ва талабалар билан ишлайди. Ички ишлар органларида миграцион профилактика бўлинмалари, туманлараро маъмурий конвой гуруҳлари ташкил қилинади.
Синов тариқасида криминоген вазият оғир ҳудудлардаги профилактика бўлинмаларида маъмурий амалиёт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади ва улар жиноят иши қўзғатишни рад этишга оид ҳужжатларни ўрганиб, таркибида маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлган ҳолатлар юзасидан ҳужжатларни расмийлаштиради.
Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади. Унга профилактика (катта, кичик) инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича, пробация, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва патруль-пост хизматлари инспекторлари ҳамда тезкор-қидирув хизмати ходими киритилади, Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаларининг нарядлари хизмат олиб бориши ташкил этилади.
Натижада – 5 тагача маҳалла микроҳудудга бирлаштирилади ва жиноятчилик олдини олиш бўйича тезкор ҳаракатланиш тизими яратилади.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг мазкур қарори билан маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор йўл хариталари ҳамда 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури тасдиқланганди.