Кремль матбуотга мен ҳақимда гапиришни тақиқлаган — Пригожин

Олам

image

Бугун, 28 май куни “Вагнер” ёлланма гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин Кремлнинг юқори мартабали амалдорлари у ҳақида давлат оммавий ахборот воситаларида хабар беришни тақиқлаганига ишончи комил эканини айтди ва бундай нотўғри ёндашув бир неча ой ичида рус халқининг норозилигига олиб келишидан огоҳлантирди.

Ўтган ҳафта ўзининг лақаби “Путиннинг ошпази” эмас, балки “Путиннинг қассоби” бўлиши кераклигини киноя қилган Пригожин шу ой бошида Украинанинг Бахмут шаҳрини эгаллаб олгани, бироқ давлат телевидениесида унинг ғалабадаги роли пастроқ кўрсатилганини таъкидлаган.

Айтиш жозки, 61 ёшдаги “Путиннинг ошпази” ўз ёлланма аскарларига шафқатсиз тартиб-интизом ўрнатиш ва Путиннинг юқори даражадаги ҳарбийларини, шу жумладан Мудофаа вазири Сергей Шойгуни беҳаё сўзлар ва қамоқхона жаргонларини қўллаб ҳақоратлаш орқали ўз имижини яратган.

Пригожин давлат оммавий ахборот воситаларида уни ёритишга нега тақиқ қўйилгани ҳақидаги саволга бир қатор рус мақолларини ишлатиб, масъулларни масхара қилган.

“Тақиқланган нарса ҳар доим ширинроқ бўлади. Ўша юқори мартабали амалдорлар “Вагнер” ҳақида гапирмаслиги учун ҳамманинг оғзини ёпишга ҳаракат қилмоқда. Бундай ёндашув рус халқининг норозилигига сабаб бўлади. Узоғи икки ёки уч ой ичида улар ҳамманинг оғзини ва қулоғини ёпишга урингани учун халқдан тарсаки ейди”, деган Пригожин.

Пригожин Бахмут устидан ғалаба қозонганини даъво қилгандан сўнг, Кремль “Вагнер” ва қуролли кучларни “Артёмовск”ни (Бахнутни Россияда “Артёмовск”, деп аташади) “озод қилгани” учун табриклаб, 36 сўздан иборат баёнотни эълон қилиши учун 10 соат вақт керак бўлган. Унда ҳам Пригожин номи бирон марта тилга олинмаган. 

Пригожин ўзининг бугунги аудиомурожаатида Бахмутнинг “гўшт майдалагич”ида 72 минг украиналик аскар ҳалок бўлганини ва 100-140 мингга яқин украиналик жангчилар яраланганини айтган. Бироқ Киев ҳужум қилган томон, яъни Россиянинг Бахмутдаги йўқотишлари жуда катта бўлганини таъкидлаган. Украина ҳам, Россия ҳам ҳалок бўлганлар сонини эълон қилмайди. Киев эса ўз кучлари шаҳарнинг кичик бир қисмини ҳамон назорат қилишини таъкидлаб келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин 224 кунлик ҳужум операциясидан кейин Бахмут тўлиқ назоратга олинганини айтгани ҳақида хабар берган эдик. Орадан кўп вақт ўтмай Украина Қуролли кучлари Пригожиннинг ушбу даъвосини рад этиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Киев Вагнер Шойгу Бахмут Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг