“Космосда бўлмаганлар халқаро майдонда ўз сўзини айта олмайди”. Туркий давлатлар энди коинотда ҳамкорлик қилмоқчи
Жамият
−
26 Апрель 2023
5441Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Коинот агентликлари ва тегишли идораларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифаларида хабар берилди.
Йиғилишни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) Бош директори Шуҳрат Қодиров олиб борди.
Учрашувда ТДТ Бош котиби, элчи Кубанычбек Омуралиев, Туркия космик агентлиги раҳбари Сердар Ҳусайн Йилдирим, Озарбайжон Миллий космик агентлиги (“Азеркосмос”) бошқаруви раиси Самеддин Асадов, Қозоғистон Республикасидан Рақамли ривожланиш, инновациялар ва авиация саноати вазири ўринбосари Малик Ўлжабеков, Қирғизистон Давлат алоқа агентлиги раҳбари ўринбосари Тимур Тўқолдошов, шунингдек, ТДТ кузатувчи давлатлари – Венгрия ва Туркманистоннинг тегишли институтларининг юқори мартабали вакиллари иштирок этган.
Йиғилишда сўзга чиққан ТДТ Бош котиби Омуралиев коинотни ўрганиш инсоният олдида турган кўплаб муаммоларни ҳал этишда ёрдам беришини, коинот соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келажакда катта ютуқ келтиришини таъкидлаган.
Шунингдек, у ТДТ коинот соҳасидаги ҳамкорликка аҳамият беришини ва ушбу учрашув иштирокчи давлатларнинг коинотни тадқиқ қилиш соҳасида қўшма ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларидан далолат эканини айтган.
“ТДТ'га аъзо мамлакатлар космик тадқиқотлар бўйича турли билим ва тажрибага эга. Уларни бирлаштириш эса жуда муҳим”, деган Бош котиб Омуралиев.
Ўз навбатида, Туркия вакили Сердар Ҳусайн Йилдирим космик технологиялар соҳасидаги ишларнинг аҳамиятига қўшилган.
“Космосда бўлмаганлар халқаро майдонда ўз сўзини айта олмайди”, деган Сердар Ҳусайн Йилдирим.
Маълумот учун, ТДТ космик агентликлари ва тегишли идораларнинг биринчи йиғилиши 2021 йил 20 декабрда Озарбайжонда бўлиб ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь