Давлат курсиси хизмат учунми ёки чўнтак?
Таҳлил
−
11 Декабрь
31743575 киши – бу рақам Ўзбекистондаги давлатга содиқ, касби йўлида ҳалол меҳнат қилаётган одамлар сони бўлиши мумкин эди, аммо бахтга қарши бу коррупция йўли орқали давлат ва фуқаролар мулкини талон-торож қилган мулозимлар сони.
Қадим тарихдан бундай лавозимини суиистеъмол қилувчи амалдорларга қаттиқ жазолар қўлланган. Россияда порахўрлар осилган, Хитойда оммавий қатл этилган, Швецияда пора олган судьялар қўли кесилган. Хўш, бугун-чи, уларга нисбатан ҳозир ҳам шундай оғир чора кўраётган давлатлар борми? Ўзбекистонда-чи, коррупцияга йўл қўйган амалдор учун энг оғир жазо қандай? QALAMPIR.UZ шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Коррупцияга қарши кураш: дунё тажрибаси ва жазолар
Дания
2023 йилдаги тадқиқотлар натижасига кўра, Дания коррупция даражаси 0 га тенг дея баҳоланган.
Дания қонунларида “коррупция” тушунчаси мавжуд эмас, лекин порахўрлик, фирибгарлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш каби моддалар учун жиноий жазолар бор. Дания қонунларига мувофиқ давлат хизматчисига пора таклиф қилган шахс жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин, пора олган давлат хизматчиларига нисбатан жарима ёки 6 йилгача қамоқ жазоси мавжуд.
Юқорида гувоҳи бўлганимиздек, бу давлатда коррупцияга қарши жуда қаттиқ жазо чоралари қўлланилмаса-да, мамлакат аҳолиси мутлақ коррупция жиноятига йўл қўймайди. Бунинг асосий сабаби аҳоли коррупция иллатининг инсонийликка тўғри келмаслигини онгли равишда тушуниб етган.
Даниядаги давлат идоралари, касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлар “коррупцияга мутлақо тоқат қилмаслик”ни белгиловчи алоҳида “ахлоқ қоидалари”ни қабул қилади. Масалан, бутун мамлакат бўйлаб 19 минг корхонани бирлаштирган Дания саноат конфедерацияси (ДИ) фаолиятидаги асосий тамойиллардан бири коррупция, порахўрлик ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг барча шаклларига қарши курашдир.
Хитой
Хитой коррупцияга қарши курашда етакчи давлатлар қаторида туради. Ушбу давлат қонунларида гиёҳванд моддалар, қотиллик жиноятлари билан бирга ҳукумат амалдорларига пора бериш учун ҳам ўлим жазоси мавжуд. Айниқса, сўнгги йилларда Хитой Коммунистик партияси юқори лавозимли амалдорларни шафқатсизларча ҳибсга олди ва қатл этди.
Хитойда жазо даражаси коррупция даражасига қараб фарқ қилади.
- 100000 юань (176 907 605 сўм)гача бўлган коррупция учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
- 100000 юандан ортиқ коррупция учун 10 йилдан бошлаб то умрбод қамоқ жазоси;
- 3 миллион юань (5 307 228 150 сўм) дан ортиқ коррупция учун ўлим жазоси.
Юқоридаги жазолар шахс ва унинг оиласининг барча унвонлари, хизматлари ва мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга амалга оширилади.
Жорий йилнинг октябрь ойида Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Фан Йифеи Марказий банк ва бошқа молия институтларидаги, жумладан, Хитой қурилиш банкидаги юқори лавозимидан фойдаланган ҳолда 386 миллион юань (54,55 миллион доллар)дан кўпроқ қийматдаги мол-мулкни ноқонуний қабул қилишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинган.
2024 йилда Хитой Халқ Республикаси судининг қарорига кўра, Bank of China’нинг собиқ партия котиби ва бошқарув кенгаши раиси Лю Ляньгэ коррупция ва ноқонуний кредит бериш учун ўлим жазоси билан жазоланган. Хитой Олий халқ прокуратурасига кўра, Лю 121 миллион юанга (16,8 миллион доллар) тенг пора олган.
Жорий йилда Хитойнинг Гуандун провинцияси Умумхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Чен Сзисин ҳам пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Чен Сзисин ўзи ёки бошқалар орқали 2012-2022 йиллар давомида ноқонуний совғалар олиб келган. У ўз жиноятларини тан олиб, чин дилдан афв сўраб, мол-мулкларнинг катта қисмини қайтариб берган, бу эса унинг жазони енгиллаштиришига асос бўлган. Суд бу ҳолатларни ҳисобга олиб, пора олиш жинояти учун ўлим жазосини кечиктиришга ва таъсир ўтказиб пора олиш жинояти учун жазони енгиллаштиришга қарор қилган.
Хитой ҳукумати коррупцияга қарши курашни маданий соҳада ҳам олиб бормоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда коррупция ҳақидаги терговлар бўйича телевизион сериаллар машҳур бўлган, уларнинг асосий ғояси: ҳеч қандай сабаб билан давлат мулкини ўғирлаш мумкин эмас.
Эрон
1979 йилдан бери, яъни Эронда Ислом инқилоби ғалаба қозонганидан буён маҳаллий судлар коррупционерларга қарши шариатга кўра калтаклаш, оёқ-қўлларини ампутация қилиш ва ҳатто тошбўрон қилиш каби жазо чораларини қўллашмоқда.
2016 йилда Теҳрон бош прокурори Саид Мортазави суд томонидан коррупсиявий жиноятларда айбдор деб топилганидан кейин 135 марта қамчи уришга ҳукм қилинган.
Қамчининг 70 таси “давлат пулларини ўзлаштиргани” учун, яна 65 таси эса “ўз вазифаларини эътиборсиз қолдириб, молияни беҳуда сарфлагани” учун берилган.
2018 йилда Эронда яна коррупцион ҳолат аниқланган. Марказий банкнинг 16 нафар собиқ ходими 3,5 миллион долларлик пора олганликда айбдор деб топилган ва оммавий калтакланган. Жазо шу билан тугаб қолмай, амалдорлар қамоқхоналарга юборилиб, 74 қамчи урилган ва 10 йил озодликдан маҳрум қилинган.
Саудия Арабистони
Бирлашган Араб Амирликларининг ҳуқуқий тизими Эронникига яқин: иккаласи ҳам шариатга асосланган. Бироқ Арабистон ҳукумати оммавий қатлларни ёқламайди.
2017 йилда шаҳзода Муҳаммад ибн Салман ол-Сауд бошчилигида 500 нафар юқори мартабали шахс коррупция ҳолатини содир этгани учун ҳибсга олиниб, давлатга 107 миллиард доллар қайтарган. Ҳибсга олинганлар Ritz-Carlton меҳмонхонасида ушлаб турилган, бу жой кейинчалик “шоҳона қамоқхона” номи билан машҳур бўлган.
2019 йил февраль ҳолатига кўра, тахминан 50-60 нафар юқори мартабали шахслар “лукс” қамоқхона бўлган меҳмонхонада жазоланишда давом этмоқда.
Шимолий Корея
Коммунистик давлатларда коррупцияга қарши курашда жазо оммавий тарзда берилмайди. Одатда, коррупцияда айбланганлар яширин равишда отиб ташланади ва бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига кечроқ хабар берилади.
Шимолий Кореяда Ким Чен Ин ҳокимият тепасига келганидан кейин коррупция жинояти учун қатллар сони кўпайган. 2015 йилда унинг фармойиши билан Шимолий Корея армияси оператив бошқармасининг собиқ раҳбари генерал Пхен Йинг Сон қатл этилди. У “коррупционер ва юқори лавозимли офицерларнинг фармойишларини бажармаган офицер” деб топилган. Шу билан бирга, айбловларнинг бутун рўйхати бўйича – ўғриликдан тортиб Жанубий Корея фильмларини яширинча томоша қилишгача яна 50 та ўрта ва юқори мартабали амалдорлар қатл этилган.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда 2023 йилда 3575 нафар мансабдор шахс 3412 та жиноий иш бўйича жавобгарликка тортилган.
2023 йилда умумий ҳисобда амалдорлар давлат бюджетига 1 триллион 12 миллиард сўм миқдорида зарар етказган. Шундан 847 миллиард сўм ундирилган.
Мавқеи бўйича республика миқёсида 49 нафар амалдор жазоланган. Қувонарлиси, бу 2022 йилга нисбатан бирмунча кам бўлган. Мисол учун, 2022 йилда республика бўйича 110 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Вилоят миқёсида 2022 йилда 264 нафар ходимлар жавобгарликка тортилган бўлса, 2023 йилда эса 267 нафар “курси эгаси” ўз жазосини олган. Туман ва шаҳар миқёсида эса бу статистика ошган. Масалан, 2022 йилда 2742 нафар, 2023 йилда 3259 нафар амалдор жавобгарликка тортилган.
Статистикага кўра, 2023 йилда мансабдорлар томонидан энг кўп ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш жинояти содир этилган. 2023 йилда амалдорлар пора олиш бўйича 2022 йилги рекордни янгилаган. 2022 йилда 169 нафар мансабдор пора олган бўлса, 2023 йилда амалдорлар бу рақамларни 195 нафарга етказган. Ушбу йилда мансаб сохтакорлиги ва мансабга совуққонлик билан қараш жиноятлари кўпайган.
2024 йилги статистика ҳали эълон қилиниб улгурмади, аммо кундалик хабарларни кўриб коррупция билан боғлиқ ҳолатлар бу йилда ҳам кўпайганини билишимиз қийин эмас. Энг ачинарлиси эса коррупцияга қарши курашиши керак бўлган, пора олганларни “қўлига урадиган” Коррупцияга қарши курашиш ва комплекс назорат бўлими бошлиғи ҳам пора билан қўлга тушгани ўлганнинг устига тепган бўлди. Бу хабарларни ўқиб, яна рекордлар янгиланади деган хавотирга тушади киши. Ахир бемор шифо тилаб, табибга борсаю, табибнинг ўзи ҳам хасталигини кўрса, на ўзига, на табибга ачинишини билмай қолади.
Нега Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари кўпаймоқда? Мансабдорлар нима сабабдан ҳайиқмай давлат пулларини ўзлаштиришга уринмоқда? Қонунчиликда коррупция ҳолатлари учун қандайдир жазо тури мавжудми?
Ўзбекистонда коррупцияга йўл қўйганлик учун белгиланган жазо қонунчиликда аниқ кўрсатилган бўлиб, бу жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида турлича жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар учун қуйидаги жазолар белгиланган:
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик, асосан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида (15-боб, 210-214-моддалар) кўрсатилган. Коррупция жиноятлари қуйидаги ҳолатларда жиноий жавобгарликка олиб келади:
Коррупция жиноятлари:
- Пора бериш ва қабул қилиш: Шахслар ёки мансабдорлар пора (пул ёки бошқа фойдали нарсалар) олиш ёки бериш орқали коррупция жиноятини содир этишлари мумкин. Бу ҳолат учун жазо 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига олиб келиши мумкин, шунингдек, мол-мулкни мусодара қилиш ҳам мумкин.
- Мансабни суиистеъмол қилиш: Мансабдор шахслар ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф иш тутишлари ёки ҳукумат маблағларини хатога йўл қўйиш орқали шахсий манфаатларга йўналтирса, бундай ҳаракатлар ҳам жиноят ҳисобланади. Жазо сифатида қамоқ жазоси, жазо муддатини қисқартириш ёки мулкни мусодара қилиш ҳам мумкин.
- Коррупцион фаолиятни ташкил этиш: Коррупцион фаолиятни бошқариш ёки муайян гуруҳларга рухсат бериш учун жавобгарлик мавжуд. Бу ҳолатда ҳам жазо қамоқ жазосини ва мол-мулкни мусодара қилишни ўз ичига олиши мумкин.
Жазо шакллари:
- Қамоқ жазоси: Коррупция жиноятлари учун энг кенг тарқалган жазо – қамоқ. Жазо муддатлари жиноятнинг оғирлигига қараб 3 йилдан 12 йилгача ўзгариши мумкин.
- Жарима: Баъзи ҳолларда, айбланувчига катта миқдорда жарима солиниши мумкин.
- Мулкни мусодара қилиш: Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахснинг ноқонуний равишда олинган мол-мулки мусодара қилиниши мумкин.
Маълум лавозимлардан маҳрум қилиш: Коррупцияга алоқадор бўлган шахслар маълум лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Масалан, мансабдор шахслар ўз лавозимларидан ҳайдалиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашда қонунчилик моддаларининг борлиги эмас, уларга амал қилиш муҳим. Ўзбекистонда коррупцияни жиловлашга қаратилган чора-тадбирлар шаклан жиддий, мазмунан мукаммал кўринса-да, амалда ҳам шундай дейолмаймиз. Тўғри, коррупция жиноятини содир этган мансабдорлар қўлга олинмоқда, бироқ бироз муддат ўтиб, ушбу жиноятга доир хабарлар одамлар ҳаёлидан кўтарилиши билан яна қайта ўз амал курсиларига ўтирганларни ҳам биламиз. Майли, нима ҳам дердик, қолганини вақт кўрсатади. Балки қонунлар ишлай бошлаганидан кейин айрим амалдорлар давлат бюджетига “шахсий чўнтак” сифатида қарашни йиғиштирар.
Ирода Мирвоҳидова
LiveБарчаси