Коррупцион суриштирув доирасида Президентнинг уйи тинтув қилинди (видео)
Олам
−
31 Март
56680Жанубий Американинг ғарбий қисмида жойлашган Перу давлатининг илк аёл Президенти Дина Болуартенинг уйи ноқонуний бойлик орттириш ва қимматбаҳо қўл соати билан боғлиқ коррупция суриштируви доирасида тинтув қилинди. Бу ҳақда кеча, 30 март куни "Associated Press" нашри маълум қилди.
Рейдда 40 га яқин полиция ва прокуратура ходимлари иштирок этган. Уларнинг вазифаси Болуарте халққа очиқламаган "Rolex" соатини топиш бўлган. Қидирув маҳаллий "Latina" телеканали томонидан трансляция қилинган. Видеотасвирга кўра, тергов гуруҳининг ҳукумат агентлари давлат раҳбарининг ўзи уйда бўлмаганида пойтахт Лимадаги Президент қароргоҳига бостириб киришган. Улар хонадон олдидаги кўчада транспорт ҳаракатини тўсиб, бинони ўраб олишган.
Полиция баёнотида айтилишича, рейд Бош прокуратура талабига биноан суд томонидан рухсат этилган ҳолда коррупция иши бўйича далилларни "қидириш ва олиб қўйиш мақсадида" ўтказилган.Тергов 2024 йил март ойида маҳаллий нашр "La Encerrona" Президент расмий тадбирларда турли "Rolex" соатларини тақиб юргани ҳақида хабар берганидан кейин бошланган. Давлат маошига қандай қилиб бундай қимматбаҳо аксессуарларни сотиб олиш мумкинлиги ҳақидаги саволга Перу раҳбари бу харидлар унинг “18 ёшлигидан бери машаққатли меҳнати” натижаси эканини айтади ва оммавий ахборот воситаларини унинг шахсий ҳаётига аралашмасликка чақиради.
Перу Бош прокурори Хуан Виллена Президентга чақирув қоғози келганини, аммо ўз вазифалари туфайли унинг чақирувини икки ҳафтага кечиктиришни сўраганини айтган. Прокурорнинг таъкидлашича, давлат раҳбари тергов билан ҳамкорлик қилиши ва қимматли соатлар қонуний равишда сотиб олингани ҳақида далиллар келтириши шарт. Унга кўра, давлат раҳбарининг сўнгги икки йилдаги даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларациялари синчковлик билан текширилган. Ҳали тинтув натижалари эълон қилингани йўқ.
2022 йилда ҳокимият тепасига келган Болуарте коррупция жиноятларини қилмаганлигини таъкидлашда давом этмоқда.
"Мен ҳукумат саройига тоза қўллар билан кирдим ва уни тоза қўллар билан тарк этаман", деган у ўтган ҳафтада қилган чиқишида.
Таъкидланишича, давлат амалдорларининг ноқонуний равишда бойиши тўғрисидаги айбловлар Перуда "айниқса энг кенг тарқалган", мамлакатнинг аввалги раҳбарлари ҳам ўз лавозимларидан шахсий бойликлар орттириш учун фойдаланганликда айбланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Латвия Ташқи ишлар вазири Кришьянис Кариньш бюджет пулидан шахсий самолётларда учгани билан боғлиқ можаро ортидан лавозимини тарк этиши айтилган эди. Эстонияда эса Адлия вазири Калле Лаанет коррупция можароси фонида истеъфога чиқди.
LiveБарчаси