Коронавирусга чалинган болалар уй шароитида қандай даволанади?
Саломатлик
−
18 Январь 2022
9093Ўзбекистонда коронавируснинг “omicron” штамми кириб келиши билан болалар орасида ҳам касалликка чалиниш ҳолатлари ортди. Бироқ бу турдаги вируснинг ўзига хослиги касаллик унча оғир бўлмаган шаклда ўтишидадир. Хўш, шундай шароитда болаларни уйда даволаш мумкинми? Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Абдуманнон Абдуқаюмов болаларни уйда даволаш бўйича кўрсатмалар берди.
“Коронавируснинг янги штамми аксарият беморлар, айниқса, болаларда енгил кечмоқда. У асосан тана ҳароратининг кўтарилиши, томоқ оғриғи, бурун оқиши, йўтал, бош оғриғи белгилари билан намоён бўлади.
Таъм ва ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши деярли кузатилмайди. Болаларда баъзи ҳолларда турли тошмалар ҳам пайдо бўлиши мумкин”, дейди шифокор.
Унга кўра, тана ҳарорати бир ёшгача бўлган болаларда 38,0, бир ёшдан ошган ўғил-қизларда эса 38,5 даражадан ошмагунча, ҳеч қандай дори воситалари бериш тавсия этилмайди. Айниқса, антибиотиклар вирусли инфекцияларда умуман натижа бермайди.
Тана ҳарорати юқоридаги ўлчовлардан ошганда, ибупрофен ёки парацетамол ичириш тавсия этилади. Кичик ёшли болаларга иситма туширувчи свечаларни ҳам қўлласа бўлади.
Уй шароитида коронавирусга чалинган болаларга:
• 3 кунгача ҳар соатда оз-оздан суюқлик ичирилади;
• дармондориларга бой таом ва маҳсулотлар берилади;
• ўз вақтида ва меъёрида ухлаши ҳамда совқотиб қолмаслиги чоралари кўрилади;
• турли витаминлар истеъмол қилинади.
Агар болаларда касаллик давомида:
• нафас етишмовчилиги;
• ҳансираш;
• лабларнинг четлари кўкариши;
• ҳолсизлик;
• чуқур йўтал белгилари пайдо бўлса, оилавий шифокор ёки маҳаллий педиатр билан маслаҳатлашган ҳолда беморнинг стационар тарзда даволаниши масаласи кўриб чиқилиши керак.
Шу ўринда фарзандларига COVID-19 ташхиси қўйилган ота-оналардан ортиқча хавотир ва саросимага берилмай, шифокор тавсияларига амал қилишлари сўралган.
LiveБарчаси