Коронавирус мутлақ йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади – Нурмат Отабеков
Жамият
−
25 Апрель 2020
16531Коронавирус ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетмайди, лекин вакцина топилгунча касаллик енгиб бўлинади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков ЎзА билан суҳбатда айтиб ўтди.
“Халқимизда “карантин тугагач нима қиламиз, ҳаёт тарзимиз аввалгидек хотиржам давом этадими”, сингари саволлар туғиляпти. Касаллик сизнингча, ер юзидан умуман йўқ бўлиб кетадими? Вакцина топилгунига қадар, хусусан келгуси бир-икки йилликда бизни нималар кутяпти, карантин тугагач юртимизда эпидемиологик вазият қандай бўлади?”, дея савол берган журналист.
“Биринчидан карантин тугагач ҳам ҳаёт давом этади. Яна жўшқин ҳаёт: оила-аъзоларининг ризқини териш учун югуриб-елишлар, фарзандлар, набира қилиқларини кўриш истаги, тўй-томошалар, чекловлар сабаб бир муддат ўтказилмай қолган тадбирлар ўтказилади ҳамда изига тушиб олгунча дастлаб тез, кейин бир маромда сокинлик билан давом этади.
Коронавирус ер юзидан мутлақ йўқ бўлиб кетмайди, бироқ “ўзимизники” бўлиб қолади. Назаримда вакцина ишлаб чиқилгунга қадар биз уни енгиб бўламиз. Балким, умуман вакцинани ишлатишга эҳтиёж қолмас, яна билмадим. “Ўзимизники” деганим – бу грипп, парагрипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (реновирус, реовирус ва б.қ.) сингари коронавирус одамларда учраб турадиган яна бир респиратор касалликга айланади. Нега бундай деяпман? Негаки, вирус ўта инжиқ эмас, 90 фоизга яқин ҳолатларда касаллик енгил ва симптомсиз (клиник белгиларсиз) кечади, фақат 5-6 фоиз ҳолатларда оғир кечиши мумкин (грипп ва ўткир респиратор касалликларида ҳам шундай).
Агар даволаш эрта бошланса самара ўта юқори бўлиши мумкин, энг асосийси, оддий гигиена қоидаларига риоя этиш орқали касаллик юқишидан тўлиқ ҳимояланиш мумкин”, дея жавоб берди Нурмат Отабеков.
Аввалроқ, россиялик вирусологлар ҳам коронавирус "абадийга" келганини ва инсон организмида унга қарши маълум иммунитет хосил бўлишини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача 1836 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 621 нафари соғайган ва 8 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси