Коронавирус хавфи: ХТВ ва МТВ нега Бош вазирнинг талабини бажармаяпти?
Жамият
−
17 Март 2020
13525Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилганидан кейин, шу куннинг ўзида (15 март) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси Матбуот анжумани ўтказилиб, унда коронавирус хавфи сабаб давлат ва нодавлат ташкилотларда йиғилиш ҳамда мажлислар ўтказишга тақиқ қўйилиши айтилган эди.
Шунингдек, давлат ташкилотларида фуқароларни қабул қилишнинг виртуал усули йўлга қўйилиши маълум қилинганди.
Орадан кўп ўтмай, Халқ таълими вазирлиги баъзи вилоятларда мактабларда ўқитувчилар иштирокида, жумладан маҳаллий ҳокимият вакиллари талабларига кўра, турли мажлислар ўтказилаётганлиги ҳақида маълумотлар келаётганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов вазирликлар ва идораларга мажлисбозликни тақиқлашига қарамай, бугун, 17 март куни соат 15:00 да Президент Администрациясида ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар" мавзусида брифинг ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирнинг бош ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги. Маълумотларга қараганда, йиғилишда ҳар икки вазирлик раҳбарияти иштирок этади.
Ушбу йиғилишда камида 50 киши иштирок этиши эҳтимолдан холи эмас. ССВ томонидан ўтган ҳафта коронавирус мавзусида ўтказилган Матбуот анжуманида 200га яқин киши иштирок этганди.
Маълумки, коронавирус бутун дунёга жиддий хавф туғдирмоқда. Охирги уч кун ичида Ўзбекистонда ушбу хасталикка чалинганлар 10 нафарга етди. 2100 киши назоратга олинди. Бош вазир топшириғига биноан оммавий тадбирлар, халқаро авиақатновлар ва автомобиль орқали йўловчи ташиш тақиқланди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча таълим муассасаларида энг камида икки ҳафталик карантин эълон қилинди. Вазирлик ва идораларда мажлислар ўтказишга ҳам тақиқ қўйилди. Ана шундай бир пайтда Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги одамларни бир жойга йиғиб, бундай тадбир ўтказиши қанчалик тўғри?
Устига-устак брифингда ОАВ ходимларига олдиндан тайёрлаб келинган маълумотлар ўқиб эшиттирилади, саволлар қабул қилинмайди. Шундай экан ўша маълумотларни онлайн тарзда интернет саҳифалари орқали етказиш мумкин эмасми? Кечагина бошқа ташкилотларни йиғилиш ўтказишда айблаб чиққан ХТВ бугун ўзи бу қоидаларни бузиши ўзим – хон, кўланкам майдон дейиш эмасми?
Маълумот учун, дунё бўйича 182 864 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 7174 нафар бемор вафот этган, 79 885 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь