ХТВ мактаблардаги таътил бўйича расмий маълумот берди
Жамият
−
15 Март 2020
19622Аввалроқ, Ўзбекистондаги барча таълим муассасалари 16 мартдан таътилга чиқишини маълум қилгандик. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолат бўйича изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур қарор 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.
Мактабларда таътил таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш мақсадида эълон қилинмоқда.
“Шу билан бирга, ўқувчилар таътил пайтида билим олишлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телекомпаниялар билан бирга ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олинади ҳамда эфир вақтлари ажратади.
Телевизион видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилади.
Видеодарслар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги каналлар ва расмий веб-сайтларида, электрон ахборот порталлари (onlain maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади.
Шунингдек, комиссиянинг топшириғига кўра мактабларда тозалик ва дезинфекция тадбирлари кучайтирилади, таълим муассасаларидаги тиббиёт хоналарини зарурий тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланади”, дейилган ХТВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. Вирус Франциядан келган ўзбекистонлик аёлда аниқланди. Аёлнинг оила аъзолари ва у билан бир рейсда келганлар карантинга олинишин маълум қилинди.
Маълумот учун, сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича 156 740 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 5839 нафари вафот этган, 75 935 нафари касалликдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси