КОНКАКАФ ҳам FIFA’нинг баҳсли режасини рад этди
Спорт
−
11:39 285 2 дақиқа
Шимолий, Марказий Америка ва Кариб денгизи футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ)га аъзо мамлакатлар FIFA президенти Жанни Инфантинонинг Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш таклифини рад этди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур қарор кеча, 30 июль куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинди.
“КОНКАКАФ – бу футболга бўлган муҳаббат бирлаштирган, ўйин манфаатлари биринчи ўринда турадиган конфедерациядир. Ана шу тамойилга амал қилиб, сўнгги ўн йил ичида биз хизмат кўрсатиш, шаффоф бошқарув ва футболни узоқ муддатли ривожлантиришга асосланган ташкилотни нолдан барпо этдик.
Тарих шуни кўрсатдики, FIFA ва бутун футбол оиласи учун масъул шахслар ушбу қадриятларни четга сурганида, бу салбий оқибатларга олиб келган. Йиғилишда иштирокчилар таклиф юзасидан тегишли жараёнларга амал қилинмагани, қарор қабул қилиш учун сунъий равишда қисқа муддат белгилангани ҳамда FIFA’нинг ваколатли бошқарув органлари томонидан ҳужжат кўриб чиқилмагани ва тасдиқланмаганидан жиддий хавотир билдирди”, дейилади ташкилот баёнатида.
Бундан ташқари, тарихдаги энг даромадли Жаҳон чемпионатидан кейин янги ва амалдаги дастурларни молиялаштириш учун хусусий капиталга эҳтиёж борлиги ҳам шубҳа остига қўйилган.
“Муҳокамалар яна бир бор шаффофлик ва самарали бошқарув зарурлигини тасдиқлади. Шу сабабли, КОНКАКАФ ва унинг 41 та аъзо ассоциацияси мазкур таклифни рад этди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанни Инфантино FIFA Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. FIFA ҳисоб-китобларига кўра, ушбу схема орқали 4,2 миллиард доллар жалб этиш мумкин. Мазкур ташаббус футбол расмийлари, миллий федерациялар ва турли спорт ташкилотлари томонидан кенг танқид қилинди. Кейинроқ UEFA ҳам ушбу режа бекор қилинмагунча FIFA ҳомийлигидаги турнирларни бойкот қилишини эълон қилди. Бу қарор UEFA’нинг барча 55 аъзо ассоциацияси томонидан қўллаб-қувватланган.
Live
Барчаси