Конгода бир ойда 28 та бегемот куйдиргидан ўлди
Олам
−
09:42 746 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасидаги Вирунга миллий боғида сўнгги бир ой ичида 28 та бегемот куйдирги касаллигидан нобуд бўлди. Мутахассислар касаллик одамларга ҳам юқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, сентябрь ойининг ўрталарида Африканинг энг қадимий миллий боғларидан бири ҳисобланган Вирунга ғарбидаги Семулики дарёсида бегемотларнинг жасадлари топила бошлаган. Лаборатория текширувлари натижасида ҳайвонларнинг ўлимига Bacillus anthracis бактерияси келтириб чиқарадиган куйдирги касаллиги сабаб бўлгани тасдиқланган.
Вирунга миллий боғи маъмурияти касаллик касал ёки ўлган ҳайвон билан алоқа қилиш, шунингдек, унинг гўштини истеъмол қилиш орқали одамларга юқиши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли ҳудуд аҳолиси топилган ўлик ҳайвонларга тегмаслик, уларнинг терисини шилмаслик ва гўштини истеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Ҳозирда мутахассислар зарарланган ҳудудни кузатиб, янги ҳолатларни қайд этмоқда ҳамда ҳайвонлар жасадларини хавфсиз йўқ қилиш чораларини кўрмоқда.
Экология ва ветеринария тиббиёти бўйича мутахассис Жоэл Мбуса Маполининг таъкидлашича, бегемотлар экотизимда муҳим ўрин тутади. Уларнинг нобуд бўлиши сув ва қуруқлик экотизимлари ўртасидаги табиий мувозанатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Вирунга миллий боғида куйдирги касаллиги илк бор кузатилаётгани йўқ. 2025 йилда ҳам ушбу касаллик оқибатида 65 та бегемот нобуд бўлган. Мутахассислар бактерия тупроқда споралар шаклида ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолиши мумкинлигини айтмоқда.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, Вирунга миллий боғида 2,7 мингдан ортиқ бегемот яшайди.
Бундан ташқари, ҳудудда узоқ йиллардан бери давом этаётган қуролли тўқнашувлар ҳам ёввойи табиатни муҳофаза қилишни қийинлаштирмоқда. Миллий боғ маъмурияти сўнгги тўрт йил ичида можаро сабабли ўз ҳудудининг катта қисмини назорат қилиш имкониятини йўқотганини билдирган. Қурғоқчилик эса ҳайвонларнинг сув манбалари атрофида тўпланишига ва зарарланган тупроқ билан кўпроқ алоқада бўлишига олиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир ой ичида 15 та фил ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси