Кениянинг машҳур боғида 15 та фил сирли тарзда нобуд бўлди

Олам

image

Бир ой ичида 15 та фил ҳалок бўлди. Кениянинг машҳур Амбосели миллий боғида юз берган бу сирли ўлимлар ортидан мутахассислар заҳарланиш эҳтимолини текширмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, нобуд бўлган филларнинг 10 таси ўлимидан олдин қисман фалаж аломатларини кўрсатган. Қолган бешта филнинг жасади кучли чириган ёки бошқа ҳайвонлар томонидан зарарлангани сабабли уларнинг ўлим сабабини аниқлаш имкони бўлмаган.

Қайд этилишича, ҳалок бўлган филларнинг аксарияти урғочи филлар ва уларнинг болалари бўлган. Улар орасида фақат битта эркак фил бор. Ўлим ҳолатлари Амбосели боғи атрофидаги Кимана қўриқхонаси ҳамда Куку ранчоси ҳудудларида қайд этилган.

Мутахассислар томонидан ўтказилган дастлабки лаборатория таҳлилларида филлардан олинган намуналарда “потенциал заҳарли модда” аниқланган. Бироқ ҳукумат лабораторияси томонидан ўтказилган алоҳида текширувларда ҳозирча текширилган заҳарли моддалар бўйича ижобий натижа қайд этилмаган.

Кения ёввойи табиат хизмати вакиллари филларнинг умумий манбадан заҳарланган ёки заҳарланмаганини аниқлаш учун атроф-муҳит текширувлари ҳам олиб борилаётганини маълум қилган. Хусусан, ҳудуддаги сув манбалари ва бошқа эҳтимолий ифлослантирувчи омиллар ўрганилмоқда.

Кенияда аввал ҳам браконьерлик ва инсонлар билан ёввойи табиат ўртасидаги зиддиятлар сабаб филларнинг заҳарланиш ҳолатлари кузатилган.

Расмийлар ҳозирча ушбу ҳолат одамлар учун хавф туғдираётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини билдириб, аҳолини хотиржам бўлишга чақирган.

Маълумот учун, Амбосели миллий боғи улкан филлар подаси ва саванна манзаралари билан дунёга машҳур. Боғ ҳудудида қарийб 2 минг бош фил яшаши тахмин қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Угандада йўлда кетаётган микроавтобус фил билан тўқнашиб кетиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг