Эбола балоси: Қурбонлар сони касалланганларнинг деярли ярмига тенглашди

Олам

−

image

Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси кучайиб, касаллик билан боғлиқ тасдиқланган ҳолатлар сони 9 мингдан ошди. Вирус оқибатида 4 381 киши вафот этди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Конго Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кеча, 13 октябрь куни эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатда Эбола билан касалланишнинг 9 066 та ҳолати тасдиқланган. Сўнгги ҳисоботда яна 88 та янги ҳолат қайд этилган. Ўлимлар сони эса тасдиқланган касалланиш ҳолатларининг деярли ярмига тенглашган.

Тиббиёт ходимлари ва расмийларни ўлимлар сонининг ортиши хавотирга солмоқда. Чунки вафот этганларнинг катта қисми шифохона ва даволаш марказларидан ташқарида қайд этилган. Бу эса касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш қийинлашаётганини кўрсатади.

Ҳозирда мамлакатнинг етти вилоятидаги 65 та тиббий назорат ҳудудида Эбола ҳолатлари аниқланган. Расмийларнинг фикрича, тасдиқланган ҳолатлар касалланганларнинг атиги учдан бир қисмини ташкил қилиши мумкин. Сабаби кўплаб беморлар аниқланмай қолмоқда.

Ушбу эпидемия Бундибугио вируси сабабли юзага келган. Вируснинг бу турига қарши ҳозирча тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмас.

Эбола тарқалишини тўхтатишга бир қанча омиллар тўсқинлик қилмоқда. Ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасидаги жанглар, аҳолининг санитария ва соғлиқни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслиги, одамларнинг кўчиши ҳамда тиббий воситалар ва даволаш марказлари етишмаслиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Итури вилоятининг маркази Буниа шаҳрида яшовчи Самуэл Бужу ҳукуматнинг эпидемияга қарши чораларини танқид қилган.

“Менимча, ҳукумат юзага келган вазиятни назорат қилишга улгурмаяпти. Ҳукумат Эбола эпидемиясига қарши кураш самарали бўлиши учун ўз зиммасидаги масъулиятни тўлиқ бажариши керак”, деган у.

Маълумотларга кўра, ҳозирги эпидемия Конго Демократик Республикасида аввал кузатилган 16 та Эбола эпидемиясининг барчасидан кўлами жиҳатидан ошиб кетган. Вазият шу тарзда давом этса, у 2014–2016-йилларда Ғарбий Африкада юз берган, 11 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган эпидемиядан ҳам ошиб кетиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида ҳукмрон партиянинг юқори лавозимли вакили Эбола эпидемияси ҳақида радио орқали чиқиш қилганидан кейин калтаклаб, ўлдирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг