Конгода ҳарбий самолёт қулаб тушди. Бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлди (видео)

World

−

image

Конго Демократик Республикасида ҳарбий самолёт ҳалокатга учраши оқибатида бортдаги 13 кишининг барчаси ҳалок бўлди. Бу ҳақда кеча, 25 сентябрь куни “Reuters” хабар берди. https://www.reuters.com/world/africa/congo-military-plane-crash-kills-13-including-three-officers-official-says-2026-09-25/

Қайд этилишича, самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Киквит шаҳридан пойтахт Киншасага учаётган вақтида техник носозлик юзага келган. Шундан сўнг учувчи самолётни Конго Демократик Республикасининг Кванго провинциясидаги Кенге шаҳрига қўндиришга уринган. Бироқ шаҳарда учиш-қўниш йўлаги бўлмагани сабабли самолёт аҳоли яшаш ҳудудига қулаган.

Кванго провинцияси вице-губернатори Реми Саки Бокинда маълум қилишича, самолёт бортида Конго армияси Бош инспектори генерал Ликулиа Бакуми ва бошқа ҳарбий хизматчилар ҳамда тинч аҳоли вакиллари бўлган.

Жами 13 киши бўлган самолёт бортидаги барча йўловчилар ҳалок бўлган. Билдирилишича, қурбонлар орасида 3 нафар ҳарбий офицер – генерал, майор ва капитан ҳам бор.

“Бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган. Улардан 12 нафари таниб бўлмас даражада куйган, учувчининг жасади эса самолёт ташқарисидан топилган”, деган Бокинда.

Ҳукумат баёнотига кўра, Конго авиация ҳодисаларини тергов қилиш органи ҳалокат сабабларини аниқлаш учун текширув бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Перунинг Наска провинциясига қарашли Пуэбло-Вьехо ҳудудида бортида сайёҳлар бўлган самолёт ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends