Ўзбекистон ва Хитой афғон халқига ёрдам бермоқчи
Жамият
−
07 Октябрь 2021
6348Кеча, 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сзян Ян билан афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.
Томонлар суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг айрим жиҳатларига эътибор қаратган.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланишини ўзининг ташқи сиёсатдаги асосий вазифаларидан бири сифатида кўрмоқда. Хусусан, бугун, 7 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошлиқ делегация Афғонистонда “Толибон” вакиллари билан учрашди. Музокаралар давомида томонлар транзит, энергетика, савдо каби бир қатор соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уенди Шерман бошчилигидаги делегасия вакиллари билан учрашиб, Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан батафсил фикр алмашган эди. Учрашув давомида Ўзбекистоннинг афғон халқига кўмаклашиш ҳамда қўшни мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилиши ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланганди.
Маълумот ўрнида, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь