Мирзиёев АҚШ ҳукумати мансабдорлари билан Афғонистон муаммосини муҳокама қилди

Жамият 2382
image
-

Бугун, 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Уэнди Шерман давлат раҳбарига АҚШ Президенти Жозеф Байден, вице-президенти Камала Харрис ва Давлат котиби Энтони Блинкеннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Америка томони мамлакатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди.

Томонлар кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Икки мамлакат ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқотининг жорий йил охиригача Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган биринчи йиғилишининг кун тартибини пухта тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.

Сиёсат ва хавфсизлик, савдо, инвестиция ва инновациялар, қишлоқ хўжалиги, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, гуманитар алмашинувлар каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Пандемияга қарши курашишда, шу жумладан амалдаги глобал дастур доирасида мамлакатга вакциналар етказиб бериш масаласида кўрсатилаётган кўмак учун Америка томонига алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Минтақавий, шу жумладан “АҚШ – Марказий Осиё” мулоқоти ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим кенгаши доирасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Афғонистонда вужудга келаётган вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг афғон халқига кўмаклашиш ҳамда қўшни мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилиши ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 2.9
t
×